Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг минтақавий ва халқаро жараёнлардаги иштироки сезиларли даражада юксалди. Ўзбекистон олдинги даврларга нисбатан изчил, фаол ва прагматик ташқи сиёсат олиб бормоқда. Бу сиёсат ўзининг прогрессив характери ва тинчликпарварлиги билан халқаро ҳамжамият эътирофига сазовор бўлаётир. Ўз навбатида, тенг манфаатли ҳамкорликка таянилган бу муҳим сиёсий ўзгаришлар Янги Ўзбекистон дипломатиясига асос солган ҳолда, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ўрни ва нуфузини ҳар томонлама мустаҳкамлаб бораётгани ҳам қувонарлидир.

Ушбу жараёнда мамлакатимизнинг олий вакиллик органи бўлмиш икки палатали парламентнинг ташқи сиёсатдаги ўрни ва роли ҳам ҳар қачонгидан кўра юксалди. Кейинги йилларда Олий Мажлис палаталарининг халқаро алоқалари географияси сезиларли даражада кенгайиб, хорижий давлатлар парламентлари ва халқаро парламентлараро уюшмалар билан ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилди.

Айниқса, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясидаги еттинчи устувор йўналишида белгиланган мамлакатимизнинг очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб боришга доир муҳим вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистонда парламент дипломатиясини амалга оширишда миллий манфаатларни илгари суриш ва уларни ҳимоя қилиш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бугунги кунда парламент дипломатияси қуйидаги асосий йўналишларда фаоллашиб бораётганини кузатиш мумкин.

Биринчидан, парламент дипломатиясининг ҳуқуқий асослари ва амалий механизмлари янада мустаҳкамланди.

Жумладан, 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари кенгашлари томонидан хорижий мамлакатлар билан муносабатларни ривожлантиришда парламентнинг ролини янада кучайтириш мақсадида Парламент дипломатияси концепцияси қабул қилинди.

Мазкур концепцияда чет давлатлар парламентлари билан ҳамкорликни ривожлантириш, уларнинг қонун ижодкорлиги тажрибасини ўрганиш бўйича парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, халқаро парламентлараро ташкилотлар фаолиятида Олий Мажлиснинг фаол иштирокини таъминлаш, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида халқаро ҳамжамиятни хабардор қилиш, давлатимиз ташаббусларини илгари суриш каби устувор вазифалар белгиланди.

2020 йилда яна бир ҳужжат – хорижий мамлакатларнинг парламентлари билан ҳамкорлик алоқаларини янада такомиллаштириш мақсадида Олий Мажлис палаталари кенгашларининг “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг хорижий мамлакатлар парламентлари билан ҳамкорлик бўйича гуруҳлари ва комиссияларининг ишларини фаоллаштириш ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисида”ги қўшма қарори қабул қилинди.

Шунингдек, парламентлараро дипломатияни ривожлантиришга ва парламентлараро тузилмалар фаолиятини мувофиқлаштиришга масъул бўлган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари лавозими таъсис этилди. Ушбу янги институтнинг жорий қилингани хорижий давлатлар парламентлари ва халқаро парламентлараро ташкилотлар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Иккинчидан, хорижий мамлакатларнинг парламентлари билан икки томонлама ҳамкорлик алоқалари анча кенгайди.

Олий Мажлисда Ўзбекистонга дўст ва ҳамкор давлатлар парламентлари билан ҳамкорлик қилиш бўйича парламентлараро гуруҳлар ва комиссияларнинг ташкил этилиши мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тўғрисида жаҳон ҳамжамиятига холис ахборот етказиш, парламентлараро мулоқотни чуқурлаштириш, қонун ижодкорлиги соҳасида ўзаро тажриба алмашиш, Ўзбекистон иқтисодиётига чет эл инвестицияларини кенг жалб қилиш учун яқин алоқаларни ўрнатиш, халқаро доирадаги конференция, семинар ва давра суҳбатларини юқори даражада ўтказиш ҳамда уларнинг натижадорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Олий Мажлиснинг хорижий мамлакатлар парламентлари билан ҳамкорлик бўйича гуруҳлари ва комиссиялари сон жиҳатдан ҳам, сифат жиҳатдан ҳам кескин ошганини кузатиш мумкин. Бугунги кунда парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари хорижий давлатлар қонун чиқарувчи органлари билан алоқаларни ривожлантириш учун доимий майдон вазифасини ўтамоқда ва ўз навбатида, чет эллик ҳамкорлар билан очиқ, конструктив ва жонли мулоқот олиб боришнинг қулай механизмига айланмоқда.

Агар 2015–2019 йиллар давомида жами 28 давлатнинг парламентлари билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳлар фаолият олиб борган бўлса, 2020 йилда бу рақам 43 тани, 2023 йилга келиб эса 57тани (56 та давлат ва 1 та Европа Иттифоқи парламенти) ташкил этганини кўриш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва хорижий мамлакатлар парламентлари қуйи палаталари билан ташкил этилган жами 21 парламентлараро тузилмалар, 19 ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳлар ва юқори даражадаги Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажлиси ўртасидаги парламентлараро ҳамкорлик кенгаши ҳамда Россия Федерацияси Федерал Мажлисининг Давлат Думаси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссияси шулар жумласидан.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати ҳамкорлигида жами 36 та парламентлараро тузилма, жумладан, 35 хорижий мамлакат парламентлари билан тузилган ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳлар ва Европа Иттифоқи парламенти билан “Ўзбекистон – Европа Иттифоқи” парламент ҳамкорлиги қўмитасидаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси делегацияси ташкил этилган. Ушбу парламентлараро тузилмаларнинг 26 тасига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва 10 тасига Олий Мажлис Сенати аъзолари раҳбарлик қилмоқда.

Учинчидан, Олий Мажлиснинг халқаро парламент уюшмаларидаги иштироки анча фаоллашди.

Бугунги кунда Олий Мажлис қатор парламентлараро уюшмалар ишида аъзо ёки кузатувчи мақомида Ўзбекистоннинг миллий манфаатларини ҳимоя қилишга ҳамда илгари суришга асосланган ташқи сиёсий фаолиятнинг фаол иштирокчисига айланди.

Сўнгги 6 йил ичида Олий Мажлис Парламентлараро Иттифоқ (ПАИ), Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги парламентлараро ассамблеяси (МДҲ ПА), Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг парламент ассамблеяси (ЕХҲТ ПА) каби қатор нуфузли парламентлараро уюшмаларга аъзо бўлиб кирганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Маълумки, Парламентлараро Иттифоқ дунё мамлакатлари парламентларини сиёсий жиҳатдан бирлаштириб турувчи дунёдаги энг кекса ва тажрибали халқаро уюшма (1889 йилда ташкил топган) ҳисобланади. ПАИ парламент мулоқоти ва ҳамкорлиги асосида тинчлик, демократия ва барқарор ривожланишни мустаҳкамлаш учун кўмаклашишга интилаётганини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 2017 йил 13 октябрдан эътиборан глобал парламентлар ҳамжамиятида Парламентлараро Иттифоқнинг тенг ҳуқуқли ва тўлақонли аъзоси сифатида ўз иштирокини тиклаш тўғрисида қарор қабул қилди.

2020 йил 30 январда ПАИ ижроия қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, тажрибали дипломат, етук олим ва академик Акмал Саидов номзодини ПАИ вице-президенти этиб тайинлади. Ўз тараққиёти йўлида шахдам қадамлар билан тараққий этиб бораётган

Ўзбекистоннинг ПАИ каби нуфузли халқаро парламент ташкилоти бошқарув органига сайланиши Ўзбекистонда амалга оширилаётган туб ижтимоий-сиёсий ислоҳотларнинг эътироф этилишидир.

Ўзбекистон аъзо бўлиб кирган муҳим парламентлараро тузилмалардан бири бу, шубҳасиз, МДҲ ПА ҳисобланади. Мазкур парламентлараро уюшма МДҲ билан бир вақтда ташкил этилган бўлиб, у ўз фаолиятининг илк кунлариданоқ парламентларнинг ўзаро ҳамкорлиги учун ўзига хос платформага айланди. Чунки эндигина мустақилликка эришган мамлакатлар олдида ўз ҳуқуқий тизимларини тубдан ислоҳ қилишдек улкан вазифа турар ва МДҲ ПА ана шу муҳим вазифани ҳал қилишда модел қонунлар ишлаб чиқиш орқали муносиб ҳисса қўшди ва аъзо мамлакатларнинг миллий қонунчилигини уйғунлаштириш йўлида муҳим саъй-ҳаракатларни амалга оширди.

Бугунги кунда Ўзбекистон МДҲ ПА ишида фаол иштирок этиб келмоқда. Жумладан, 2022 йилнинг 27–28 октябрь кунлари Парламентлараро ассамблеянинг навбатдаги 54-ялпи мажлиси Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу ташкилотнинг ўттиз йиллик тарихида Ассамблеянинг ялпи мажлиси илк марта Ўзбекистонда ўтказилди. Ялпи мажлисда бир қатор муҳим масалалар муҳокама этилди. Хусусан, парламент аъзолари томонидан сайлов, референдум ва уларни кузатиш тўғрисидаги, хавфсизликни таъминлаш, интеллектуал ҳуқуқ, илмий-технологик, ижтимоий масалалар ва ёшларга оид сиёсатга доир намунавий қонунлар ҳамда бошқа тавсиявий ҳужжатлар кўриб чиқилди. Шунингдек, 2023−2025 йилларга мўлжалланган МДҲда намунавий қонун ижодкорлигининг истиқболли режаси лойиҳаси ва МДҲ ПАнинг келгуси йил учун иш режаси тасдиқланди.

Ялпи мажлис давомида кўриб чиқилган “Сайловлар ва референдумлар устидан халқаро кузатув тўғрисида”ги, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги, “Давлат ва муниципал (коммунал) мулкни хусусийлаштириш тўғрисида”ги ва бошқа қатор модел қонунларнинг лойиҳалари Олий Мажлис томонидан билдирилган таклифлар асосида такомиллаштирилиб қабул қилинди.

Самарқандда бўлиб ўтган ялпи мажлис шуни кўрсатдики, МДҲ ПА ўз фаолияти давомида МДҲ маконида парламентаризмни ривожлантириш, Ҳамдўстлик давлатлари ўртасида ҳамкорликни кучайтириш, демократик жараёнларни ва фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини жонлантиришга доир долзарб масалалар бўйича қўшма муҳокамаларни ўтказиш ва қарорлар қабул қилишда самарали майдон ҳисобланади.

Ўзбекистон аъзо бўлган муҳим парламентлараро уюшмалардан яна бири ЕХҲТ ПА ҳисобланади. Бугунги кунда мазкур уюшма парламентлараро мулоқот ва ҳамкорликни амалга оширишда, Марказий Осиёда трансмиллий таҳдидларга қарши курашиш, ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, ишбилармонлик ва сармоявий муҳитни яхшилаш каби масалалар бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Икки томонлама ҳамкорлик алоқалари ЕХҲТ минтақасида демократик ғояларни илгари суришда ўз самарасини бермоқда.

ЕХҲТ ПА икки томонлама ҳамкорлик 2017 йилдан, яъни Ўзбекистон ушбу уюшмага аъзо бўлиб кирганидан сўнг анча фаоллашди. Олий Мажлис вакиллари ЕХҲТ ПА мажлисларида доимий асосда иштирок этиб келмоқда. Жумладан, 2022 йил 4–6 июль кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси парламент делегацияси Буюк Британияда бўлиб ўтган ЕХҲТ Парламент ассамблеясининг ёзги сессияси ишида иштирок этди. Унда сессия иштирокчиларига мамлакатимизда амалга оширилган конституциявий ислоҳотлар ҳақида ҳам кенг маълумотлар берилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси парламент делегациялари Туркий тилли давлатлар Парламентлараро ассамблеяси, Осиё-Тинч океани парламентлараро форуми, Осиё парламент ассамблеяси, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Парламент ассамблеяси каби парламентлараро уюшмалар доирасида ўтказилаётган турли тадбир ва анжуманлар ишида кузатувчи мақомида фаол иштирок этиб келмоқда.

Тўртинчидан, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларидаги мажбуриятлари бажарилиши устидан парламент назорати тобора кучаймоқда.

Чунончи, Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш соҳасида миллий мақсад ва вазифаларга эришиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда ва бу масалада Ўзбекистон парламентининг ҳам алоҳида ўрни бор.

Барқарор ривожланиш мақсадларини бажаришда парламент, ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтларининг амалий ҳамкорлигини йўлга қўйишга ҳам алоҳида эъҳтибор қаратилмоқда.

Шу мақсадда Ўзбекистон Республикасини барқарор ривожлантириш соҳасидаги миллий мақсадлар ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича парламент комиссияси ташкил этилди. Олий Мажлис парламент назоратининг таъсирчан шакллари ва усулларидан фойдаланган ҳолда 2030 йилгача барқарор ривожланишнинг бошқа миллий мақсад ва вазифаларини амалга оширишга ҳам доимий эътибор қаратиб келмоқда.

Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда парламент назоратининг замонавий усулларини қўллаш ва парламентарийлар томонидан халқаро ташкилотлар имкониятларидан фойдаланиш, шубҳасиз, барқарор ривожланиш бўйича миллий мақсад ва вазифаларни рўёбга чиқариш, халқ фаровонлигини ошириш, мамлакатнинг халқаро обрўсини оширишга ижобий таъсир кўрсатади.

Хулоса сифатида шуни таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда парламентимиз мамлакат ташқи сиёсатининг фаол иштирокчисига айланди. Парламент дипломатиясининг географияси кенгайиб, натижадорлиги ошмоқда. Ушбу ҳолат ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий соҳаларда узвий алоқаларни ўрнатиш имконини шакллантириб, хорижий давлатлар ўртасидаги ўзаро дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга ҳар томонлама ёрдам беради.

Ҳозирги вақтда Олий Мажлис халқаро алоқаларининг кенг кўламли дастури мамлакатимиз ташқи сиёсий йўлининг муҳим таркибий қисми бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини ҳам икки томонлама асосда, ҳам халқаро парламентлараро тузилмалар фаолияти доирасида дадил илгари суриш имконини бермоқда.

Қодир ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар

қўмитаси раиси ўринбосари