Оқова сув тизимларини яхшилаш бўйича халқаро молия институтлари иштирокида амалга оширилаётган 5 та лойиҳа доирасида 33 та объектнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, 226,4 миллиард сўмлик маблағ ўзлаштирилганлиги қайд этилди.
Ҳудудий лабораториялар учун 8 357 та махсус жиҳоз ҳамда ҳудудлардаги оқова сув тозалаш иншоотларига тирик микроорганизмларга бой бўлган биологик ва «Дефекат» моддаси етказиб берилган.
Амалга оширилаган ишлар билан бирга айрим муаммолар ҳам мавжудлиги таъкидланди.
Хусусан, саноат корхоналарининг оқова сувлар таркиби ифлосланиши натижасида ҳосил бўладиган, тозалаш иншоотлари ишлашининг технологик регламентини бузадиган моддалар юқори концентрацияда оқизилса, уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларда белгиланмаган.
Соҳани мутахассислар билан таъминлашга етарлича эътибор қаратилмаган. Жумладан, олий таълим муассасаларида соҳа бўйича етук мутахассислар ва малакали кадрлар тайёрлайдиган йўналишлар мавжуд эмас. Натижада оқова сув тозалаш иншоотларини лойиҳалаштириш, қуриш, эксплуатация қилиш ва унинг таркибини аниқлашда муаммолар юзага келяпти.
Уй-жой мулкдорлари ва уй-жойдан фойдаланувчилар томонидан ичимлик ва оқова сув хизматлари тўлови ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш бўйича етарли чоралар кўрилмаганлиги қайд этилди.
Мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди ҳамда ушбу масала парламент назоратида қолдирилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.