Тошкент педиатрия тиббиёт институти бўлим бошлиғи, тиббиёт фанлари доктори Cевара Убайдуллаева мазкур соҳага доир бир неча саволларга қуйидагича жавоб берди:
— Бугунги кунда тиббиётнинг бирламчи бўғини, хусусан, патронаж хизматидаги ислоҳотлар қандай қонун ҳужжатлари асосида амалга оширилмоқда?
— Маълумки, ўтган йили мамлакатимиз тиббиёт тизимини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир бир қатор Фармон ва қарорлар эълон қилинди. Ушбу меъёрий ҳужжатларда энг асосий урғу бирламчи тиббиёт муассасалари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилди.
Хусусан, бирламчи тиббиёт муассасалари қайта номланиб, фаолияти янгича кўриниш касб этди. Оилавий шифокор пункти ва оилавий поликлиникалар қошида «тиббиёт бригада»лари фаолияти ташкил этилди.
Қолаверса, ҳомиладор ва туғруқдан кейинги даврдаги аёллар ҳамда 5 ёшгача болалари бор оилаларга алоҳида патронаж ҳамшираси бириктирилиши, мамлакатимизда босқичма-босқич патронажнинг универсал-прогрессив модели жорий этилиши кўзда тутилган.
— Патронажнинг универсал-прогрессив модели қандай тизим? Шу ҳақида маълумот берсангиз.
— Ҳомиладорлар, чилла давридаги аёллар ва илк ёшдаги болаларга патронаж хизмати кўрсатишнинг 3 та асосий модели бўлиб, уларнинг ҳар бири ўз афзалликларига эга.
Булар:
– универсал (умумий) модель — барча илк ёшдаги болаларни, ҳомиладор ва туққан аёлларни патронаж кузатуви билан қамраб олади ва уларнинг маълум ёш ҳамда ҳолатларида зарурий ташрифларини амалга оширади;
– прогрессив (мақсадли) модель — алоҳида эҳтиёжларга муҳтож бўлган тиббий ёки руҳий-ижтимоий хавфи юқори бўлганларни патронаж кузатувига олади;
– универсал-прогрессив (аралаш) модель — «хонадонга ташрифлар»ни ўз ичига олувчи аралаш усул бўлиб, у универсал ва мақсадли моделларнинг афзалликларини бирлаштиради, чекловларни енгиб ўтиб, самарасини оширади.
Бугунги кунда мамлакатимизда учинчи — патронажнинг универсал-прогрессив тизими ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Мутахассис билан суҳбатни Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати олиб борди.