— Универсал-прогрессив моделининг афзаллик жиҳатлари нималардан иборат?

— Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, янги моделда патронаж қатновининг сонига эмас, балки унинг сифатига урғу берилади.

Жумладан, «Муаммони аниқлаш ва йўналтириш» тамойилидан «муаммони келтириб чиқарадиган хавфни ўз вақтида аниқлаш ва йўқотиш ёки сезиларли даражада камайтириш» тамойилига ўтилади.

Шунингдек, касалликни ва тиббий муаммоларни аниқлаш билан чегараланмасдан, балки тиббий, ижтимоий, маърифий ва бошқа соғлиқни мустаҳкамлашга қаратилган тадбирлар мажмуаси амалга оширилади.

Боланинг нафақат жисмоний саломатлигига, балки руҳий-ҳиссий, ижтимоий ривожланиши, хавфсизлигига эътибор қаратилади.

Унинг саломатлиги оила ва атроф-муҳитдан ажратилган ҳолда эмас, балки оила (масалан, ота ёки онада руҳий тушкунлик ҳолатлари мавжудлигида, бепарволик ёки шафқатсиз муносабатда) ва маҳалла аралашувида кўриб чиқилади.

Юқоридагилардан ҳам маълум, ушбу тизимда патронаж ҳамшираларининг масъулият ва жавобгарлиги янада оширилади.

Бу эса ўз навбатида ўрта тиббиёт ходимларининг билим ва малакаларини ошириш заруратини юзага келтиради.

Шу боис, айни пайтда ўқув машғулот ва тренинглар орқали тарғиботчиларга ушбу йўналишда дарс беряпмиз.

Улар эса республикамизнинг туман ва шаҳарларига борган ҳолда барча патронаж ҳамшираларини ўқитади.

— Патронажнинг универсал-прогрессив модели қандай ишлайди?

— Ушбу патронаж тизимида ҳамшира икки хил режа асосида ҳомиладор ва ёш болали оилаларга хизмат кўрсатади.

Аввало, ҳамшира барча учун бир хил бўлган универсал патронаж хизмати орқали аҳоли хонадонларига бориб, аёллар ва болаларни текширувдан ўтказади.

Агар текширув жараёнида ҳомиладор аёл ёки ёш болали оилаларда хавф омиллари кузатилса, уларнинг тиббий ҳолатига кўра, ана шу аёл ёки оила учун индивидуал, яъни прогрессив режа тузади ва ушбу режа асосида мазкур оилага патронаж хизмати кўрсатади.

Бунда ҳамширага катта ҳамшира, умумий амалиёт шифокори ва педиатр яқиндан кўмаклашади. Ушбу тиббиёт мутахассислари ҳамшира фаолиятини назорат қилиш билан бирга, унга прогрессив режа тузишга кўмаклашади.

Яъни, бундай ҳолатда оила саломатлигини тиклаш учун барча бирдек ҳаракат қилиши зарур. Мутахассис билан суҳбатни Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати олиб борди.