Юртимизга куз фасли ҳам кириб келишига ҳам саноқли кунлар қолди. Бу фасл миришкор деҳқонларимиз учун ўта муҳим ва масъулиятли палла ҳисобланади. Йил давомида қанча-қанча меҳнату машаққатлар эвазига етиштирилган ҳосилни қисқа муддатда, нес-нобуд қилмасдан йиғиб-териб олиш лозим.

Айниқса, қишлоқ хўжалигида муҳим аҳамиятга эга бўлган ва катта майдонларда етиштириладиган пахта йиғим-терими нафақат деҳқонлар, балки масъул ташкилотлардан ҳам мавсумга пухта тайёргарлик кўриш, бу ишни уюшқоқлик билан ташкил этишни талаб этади.

Хўш, айни пайтда Қашқадарё вилоятида бу борадаги ишлар қандай ташкил этилмоқда?

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Қашқадарё вилоят бошқармаси инспекторлари томонидан вилоятдаги пахта тозалаш корхоналари ва пахта қабул қилиш масканларининг мавсумга тайёргарлик ҳолати ўрганилди. Натижа эса ҳавас қилгулик эмас.

Айтиш жоизки, жорий йилда 448 минг тонна пахта толаси сотиш юзасидан контрактация шартномалари тузилган. Режага кўра, йиғиб олинган ҳосилнинг барчасини пахта тўқимачилик кластер корхоналарига қарашли
50 та пахта қабул қилиш масканларида жамланиши керак.

Ўзининг ҳисобида пахта қабул қилиш масканлари мавжуд бўлмаган кластер корхоналари томонидан йиғим-терим бошланишига оз фурсат қолаётган бўлса-да, ҳуддудлардаги мавжуд масканлар билан ижара шартномалари тузилмаган, олди-сотди ишлари ҳануз якунига етказилмаган. Эгалик ҳуқуқи берилмаганлиги боис айрим пахта қабул қилиш масканларида ҳосилни қабул қила олмаслик эҳтимоли юқори.

Мисол учун, Қарши туманидаги “Sulton Texs Group” МЧЖга қарашли “Корхона қоши”, “Қовчин”, “Талликурон” пахта қабул қилиш масканлари “Qarshi agor klaster” MЧЖга, “Корхона қоши” “Бешкент агро кластер” МЧЖга, Муборак туманидаги ҳозирги кунда Давлат активларини бошқариш ҳисобида бўлган “Хитой”, “Қарлиқ”, “О.Қўзибоев” пахта қабул қилиш масканлари “ЕМГ ИНТЕР ИНВЕСТМЕНТ “МЧЖ ХК ҳисобига ўтказилиши белгиланган бўлса-да, ҳанузгача ижара шартномалари тузилмаган, эгалик ҳуқуқи берилмаган, оқибатда тайёргарлик ишлари кечиктириб юборилган.

Бундан ташқари, Косон туманидаги “Косон бахт текстил” МЧЖ га қаршли “Гулбоғ”, “Сурхон”, Миришкор туманидаги “Litai Textile Oversias” МЧЖ ХК га қарашли “Гулистон”, Нишон туманидаги “Индорама Агро” МЧЖга қаршли “Навруз”, “Ойдин” “Пахтазор”, Қамаши туманидаги “Қамаши кластер МЧЖга қарашли “Чим”, “Қоратепа”, Касби туманидаги “Каинвест Cлустер” МЧЖга қарашли “Месит”, “Нахшаб тех Гроп” МЧЖ га қарашли “Ғалаба” пахта қабул қилиш масканларида кичик механизация воситаларидан биронтаси ҳам таъмирланмаган. Пахта қабул қилиш масканларида лаборатория, тарозихона, намуна олиш жойлари, фермерлар хонаси, ғарам майдончаларини таъмирлаш ишлари қониқарсиз даражада олиб борилмоқда.

Шунингдек, Қарши туманидаги “Qarshi agor klaster” MЧЖ, “Бешкент агро кластер” МЧЖ, “Хилол кластер” MЧЖ, Муборак туманидаги “ЕМГ ИНТЕР ИНВЕСТМЕНТ” МЧЖ ХК, Косон туманидаги “Косон бахт текхтил” МЧЖ, Қамаши туманидаги “Қамаши кластер МЧЖ, “Оқсарой текстил” МЧЖ, Миришкор туманидаги “Mirishkor tekxtil group klaster” MЧЖ томонидан миқдор ва сифат кўрсаткичлари аниқлаш, ўлчаш воситаларига, яъни автомабил тарози, товар тарози, лаборатория тарози, термометр, амперметрлар, ЛПС, АСХ-1, ППВ, ВСХ-М 1, ленейка, ЛКМ ва техник монометрлар қиёслов кўригидан ўтказилмаган, сертификатлар олинмаган.

Ушбу ҳолатлар юзасидан Инспекция томонидан вилоятдаги пахта тўқимачилик кластер корхоналарига камчиликлари тўғрисида кўрсатмалар берилиб, вилоят ва туман ҳокимларига маълумотномалар киритилди.

Ойбек Ҳакимов,

 “Ўзагроинспекция”нинг

Қашқадарё вилоят бошқармаси катта инспектори