Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси томонидан 2021 йилда етиштирилган пахта ҳосилини сифатли қабул қилиш ва топширувчи ҳамда қабул қилувчилар ўртасида юзага келадиган низоли ҳолатларни адолатли ҳал этиш юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Хусуcан, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги пахта тўқимачилик кластерларига тегишли 371 та тайёрлов масканларида пахта хом-ашёсини қабул қилишда низоли ҳолатларни адолатли ҳал этиш учун соҳа мутахассисларини жалб қилган ҳолда 13 та вилоят ва 134 та туманларда Арбитраж гуруҳлари ташкил этилди.

Жорий йилнинг 27 сентябрь ҳолатига кўра, тайёрлов масканларида қабул қилинаётган пахта хом-ашёсининг намлиги ва ифлослигини аниқлаш юзасидан Арбитраж гуруҳларига 356 та мурожаат келиб тушган. Шундан 249 та (69,9 фоиз) ҳолат фермер хўжаликлари фойдасига, 107 та (30,1 фоиз) ҳолат тайёрлов корхоналари фойдасига ҳал этилган.

Жумладан, Наманган вилоятида 115 та, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида 40-57 тадан, Фарғона ва Хоразм вилоятида 20-21 тадан, Самарқанд ва Навоий вилоятида 4-17, Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё ва Андижон вилоятида 13-14 тадан низоли ҳолатларнинг барчасини ечими топилиб, ҳал этилган.

Тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларига асосан Арбитраж гуруҳлари томонидан низоли ҳолатларни ҳал этиш натижалари бўйича далолатномалар расмийлаштириб борилмоқда.

Бу йилги етиштирилган пахта ҳосилини сифатли қабул қилиниши “Ўзагроинспекция” томонидан мунтазам назорат этилиши натижасида, жорий йилнинг 27 сентябрь ҳолатига республикада тайёрланган пахта хом-ашёсининг 90,2 фоизи 1-навга, 9,7 фоизи 2-навга, 0,1 фоизи 3-навларга қабул қилинган, деб хабар беради “Ўзагроинспекция”нинг матбуот хизмати.

“Ўзагроинспекция” ва унинг ҳудудлардаги бошқарма ҳамда бўлимлари томонидан фермер хўжаликлари, пахта тўқимачилик кластерларида етиштирилган пахта хом-ашёсини юқори навларга топшириш орқали қўшимча даромад манбаини яратиш ҳамда пахта хом-ашёсини сифатли қабул қилиб ва уни қайта ишлаш орқали рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш мумкинлиги юзасидан тушунтиришлар ва керакли тавсиялар бериб борилмоқда.