Хусусийлаштириш бўйича консультант сифатида ABRAU CAPITAL ва CENTIL компаниялар консорциуми танланди. Давлат активларини бошқариш агентлиги «Uzpaynet» МЧЖ устав фондидаги 100% давлат акция пакетларини сотиш режаси ҳақида эълон берди. Бу ҳақда агентлик ахборот хизмати хабар бермоқда.
Ушбу битим доирасида ABRAU CAPITAL ва CENTIL компаниялар консорциуми хусусийлаштириш бўйича етакчи маслаҳатчиси сифатида танланган.
Сотиш жараёни барча манфаатдор томонлар учун очиқ бўлган рақобат муҳити асосида ташкил этилади.
«Uzpaynet» МЧЖ — "Paynet" тўлов тизимининг оператори ҳисобланади. Унга 2005 йилда тадбиркор Ботир Арифжонов асос солган. Кейинчалик у давлатга сотилган эди.
Ҳозирда тизим 390 дан ортиқ турдаги хизматларни кўрсатиб келмоқда. Шу жумладан, Paynet.uz мобил иловаси орқали барча коммунал тўловларни амалга ошириш мумкин.
Компаниянинг республика бўйича 21 000 та тўлов пунктлари хизмат кўрсатмоқда. Ҳар куни 1,3 миллиондан ортиқ фойдаланувчи "Paynet" тизими орқали тўловларни амалга оширади.
2021 йил якуни бўйича устав капитали 378,5 млн сўмни, соф активлари — 71,8 млрд сўмни, соф фойдаси эса — 94,6 млрд сўмни ташкил этди.