Мамлакатимиз таълим тизимини янада такомиллаштириш, унинг сифати ҳамда самарадорлигини ошириш, олий ўқув юртларига қабул жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш, коррупция ва порахўрликнинг олдини олиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24 ва 28 май кунлари олий таълим муассасалари раҳбарлари ва соҳа вакиллари билан бўлган учрашувда ўқув даргоҳларидаги тамагирлик билан боғлиқ ҳолатлар чуқур таҳлил қилиниб, бу иллат қораланди. Коррупция таълим-тарбия тизими учун энг катта хавф ва биринчи рақамли душман сифатида эътироф этилди.

Юртимиз олий ўқув юртларида олий таълим «коррупциясиз соҳа» деган лойиҳа асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида «Коррупция ва порахўрликка қарши бирга курашамиз!» мавзусида университет раҳбар-ходимлари, профессор-ўқитувчилари ва мутахассис-ходимлари иштирокида онлайн учрашув бўлиб ўтди.

Бунда Тошкент давлат педагогика университети раҳбарияти, Бош прокуратура академиясининг Коррупцияга қарши курашиш илмий-таълим маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идорасидан вакиллар ҳамда Ўзбекистон Ҳакамлик судлари ассоциацияси судьялари иштирок этиб, ушбу соҳада вужудга келаётган муаммолар ва уларнинг натижалари бўйича маълумот бериб ўтдилар.

Энг асосийси, онлайн учрашувда Тошкент давлат педагогика университети профессор-ўқитувчилари томонидан Абдулла Авлоний қарашларида порахўрлик, ноҳақлик ва алдов каби иллатларнинг салбий оқибатлари бўйича фойдали маълумотлар берилди.

Якунда учрашув иштирокчилари ўзлари қизиқтирган саволларга жавоб олишди.