«Ўқувчиларини касб-ҳунарга йўналтириш жараёнида немис тилининг аҳамияти» лойиҳаси доирасида жорий йил 16-20 август кунлари «Ҳамкорликдаги сифатли таълим – келажакдаги муваффақият гарови» мавзусида халқ таълими тизимида фаолият олиб бораётган 30 нафар педагоглар ва психологлар учун семинар-тренинг бўлиб ўтади.

Бугун, 16 августда семинар-тренингни очилиш маросими ташкил этилди. Очилиш маросимида Халқ таълими вазири ўринбосари Вохобжон Ражапов, Ўзбекистондаги Гёте Институти директори Ян Хелфер, Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва «Кнауф Гипс Бухара» МЧЖ ходимлари иштирок этди.

Семинар-тренинг давлатимиз раҳбарининг ўқувчиларини касб-ҳунарга йўналтиришнинг янги тизимини яратиш борасидаги муҳим ташаббуси доирасида ташкил этилган бўлиб, касб-ҳунарга йўналтириш усулларини муҳокама қилиш, соҳада халқаро ташкилотлар ва таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида ўтказиляпти.

Халқ таълими вазири ўринбосари семинар-тренинг иштирокчиларига мактабларда ўқувчиларини касб-ҳунарга йўналтириш бўйича амалга оширилаётган ва режалаштирилаётган ишлар, юксак билимли ва замонавий фикрлайдиган ёшларни касб-ҳунарга йўналтиришда, таълим муассасаларида меҳнат қилаётган педагог ходимларнинг касбий билим ва маҳоратини ошириш бўйича жорий этилаётган янгиликлар тўғрисида маълумот берди, деб хабар беради Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати.

Мазкур семинар-тренинг 20 августга қадар давом этади.