Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази мамлакатимизда болалар саломатлигини сақлашга масъул йирик муассасалардан.
Сўнгги йилларда марказ томонидан тиббий ёрдамга муҳтож болаларга кўрсатилган хизматлар ҳақида Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Дилором Аҳмедова Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматига қуйидагича маълумот берди:
— 2021-2022 йиллар давомида ҳудудларда марказининг етакчи мутахассислари томонидан амбулатор ва шифохона шароитида 17 682 нафар аҳоли, жумладан, 16 252 нафар болага тиббий ёрдам кўрсатилди. Педиатриянинг устувор йўналишлари бўйича 181 та операция бажарилди. Уларнинг 73 таси юқори технологик амалиётдир. Шунингдек, 39 та янги диагностик ва даволаш усуллари амалиётга татбиқ этилди. Жумладан, 2021 йилдан бошлаб кам учрайдиган орфан ва бошқа ирсий-генетик касалликларга чалинган болаларга тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатишни янада яхшилаш бўйича давлат дастурини амалга ошириш бошланди.
Дастур доирасида ўтган йили марказимизда хавф гуруҳига мансуб 18400 нафар янги туғилган чақалоқда 6 та орфан касаллиги бўйича селектив скрининг ўтказилди. Марказда муковисцидоз ва тизимли бошланган ювенил артритга чалинган ўғил-қизлар давлат томонидан кафолатланган махсус дори-дармон ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланмоқда.