Пенсия жамғармасига жорий йилнинг 6 ойи мобайнида 100 минг 176 та ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21,1 фоиз кам мурожаат келиб тушган. Мурожаатларнинг келиб тушиш манбаси бўйича 80,7 фоизи Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал ва Халқ қабулхоналари, 9,9 фоизи Бош прокуратуранинг, 3,3 фоизи Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг, 1 1,5 фоизи эса Пенсия жамғармасининг ишонч телефонлари орқали ҳамда 4,7 фоизи бошқа турли манбалар орқали келиб тушган. 

98 минг 708 та мурожаат бўйича умумий тушунтиришлар берилган ҳамда 190 таси тегишлилиги бўйича ваколатли ташкилотларга юборилган. Қолган 229 таси аноним деб топилган ва ҳозирги вақтда 928 та мурожаат белгиланган тартибда кўриб чиқилмоқда.

Мурожаатларнинг асосий қисми – 76,6 фоизи 18 ёшгача болалар нафақаси масаласида юборилган. 13,6 фоиз мурожаатлар кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тайинлаш, 4 фоизи пенсия миқдорини кўриб чиқиш ва уни белгиланган тартибда ошириш, 1,8 фоизи пенсия тайинлаш, 0,9 фоизи пенсия ва нафақалар тўлови, яна шунчаси пенсия тайинлашда иш стажини ҳисобга олиш, шунингдек, қолган мурожаатлар бир марталик моддий ёрдам тўлови, фуқаролардан келиб тушган таклифлар ва бошқа масалаларни ташкил этади.

Ҳудудлар бўйича энг кўп мурожаатлар Самарқанд (16 минг 70 та, 16 фоиз), Қашқадарё (11 минг 785 та, 11,8 фоиз) ва Сурхондарё вилоятларидан (11 минг 652 та, 11,6 фоиз) келган.

Мурожаатлар Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, ўз вақтида ҳамда сифатли ижро этилиши қатъий назоратга олинган. Мақсад битта, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, шаҳар ва қишлоқларнинг энг чекка ҳудудларига етиб бориш ҳамда, ўз навбатида, амалий ёрдам кўрсатишдир, дейилади Пенсия жамғармаси хабарида.