Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги (PIIMA) ҳамда Action Group (Edu-Action) ННТ ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди, дея хабар беради агентлик ахборот хизмати.
Ҳамкорлик доирасида таълим, ахборот технологиялари, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашда тизимли ишлар ҳамда истиқболли лойиҳаларни йўлга қўйиш режалаштирилган. Жумладан, томонлар ўқитувчилар малакасини ошириш, халқаро имтиҳонларни ташкил этиш ва ўтказишда ҳамкорлик қилади.
Меморандум доирасида икки ташкилот агентлик қошидаги мактабларда IELTS ва CAMBRIDGE ENGLISH ASSESMENT халқаро имтиҳонларини ташкил қилиш, йўналишлар бўйича малакали ўқитувчилар ва мутахассисларни тайёрлаш учун бирга иш олиб боради.
Бундан ташқари, Edu-Action агентлик мактабларини Кембриж ва Оксфорд университетларининг нашрлари, МакМилан ва Колинс ташкилотларининг ўқув материаллари билан таъминлашда кўмаклашади.
Томонлар халқаро мутахассислар ва Edu-Action ходимлари иштирокида агентлик қошидаги мактаблар ўқитувчи ва ўқувчилари учун турли таълим семинарлари, маҳорат дарслари, конференциялар, давра суҳбатлари ўтказади ҳамда бошқа лойиҳаларни амалга оширади.
Edu-Action ташкилоти PIIMA тизимига кирувчи мактаб ўқитувчилари учун Cambridge English Qualifications (CELTA, TKT ва TKT CLIL) халқаро сертификатларига эга бўлишлари учун ўқув курсларини ташкил этишда кўмак беради.
Ҳамкорлик доирасида Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги мактаблар ўқитувчи ҳамда ўқувчиларининг чет тиллар бўйича билим ва малакаларини ошириш режалаштирилган.