Лойиҳа агентлик экспертлари Анна Расулова ва Алишер Сайдалихўжаев билан ҳамкорликда ишлаб чиқилди.
Анна Расулова айни вақтда Сан-Францискода яшайди. У ўз иш фаолиятини Кремний водийсидан бошлаган. Ҳозирда Shopify (Канада) компаниясининг бош тижорат менежери бўлиб ишлаб келмоқда. Бунгача у 6 йилдан ортиқ вақт давомида Google компаниясида фаолият юритган ва унинг барча шериклик учрашувларда ва музокараларда компаниянинг вакили сифатида қатнашган. Шунингдек, у менежмент бўйича маслаҳатчи ва eBay/PayPal ва American Express президентларининг корпоратив стратегия офисида ишлаган. Анна АҚШнинг етакчи университетларидан бири бўлган Браун (Brown) университетида иқтисодиёт ва халқаро муносабатлар йўналиши бўйича бакалавр босқичини тамомлаган ва Wharton schoolning MBA дастурларидан бирини тугатган.
Алишер Сайдалихўжаев Лондондаги WhatsApp ((Facebooкка тегишли компания) компаниясида маҳсулот менежери сифатида ишлаб келмоқда. У ўз иш фаолиятининг сўнгги 10 йилини IT соҳасида WhatsApp, Zillow va Microsoft компанияларида ўтказган. Бунгача у Билл ва Мелинда Гейтс жамғармасида консультант, йирик McKinsey and Company компаниясида маслаҳатчи бўлиб ишлаган. Алишер АҚШнинг етакчи университетларидан бири бўлган Помона коллежида иқтисодиёт ва амалий математика мутахассислиги бўйича бакалаврни тугатган.
Улар билан ишлаб чиқилган лойиҳа агентлик тасарруфидаги мактаб ўқувчиларининг билим ва кўникмаларини ривожлантириш ва чет элнинг нуфузли университетларига кириш бўйича амалий тавсиялар бериш, халқаро дастурларга уларни кўпроқ жалб этишга қаратилган.
Лойиҳа бир нечта таркибий қисмлардан иборат: шахсий ривожланиш, университетларга кириш бўйича маслаҳатлар, ўқувчиларга ўзлари қизиққан лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш, ўз устида тинмай ишлайдиган, салоҳиятли ёшларни алмашинув (exchange) дастурларига жалб этиш.
Лойиҳа ёрдамида ёшларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига, уларнинг қизиқишларини ва кучли томонларини аниқлашга ёрдам беради. Ўқувчилар ўз олдиларига қўйган мақсадига эришиш учун ички куч топиш ва шахсий мақсадларни белгилашни ўрганади.
Таклиф қилинган (юқорида номлари келтирилган) менторлар ўқувчиларга миллий ва хорижий университетларга кириш учун тавсиялар беришади. Бу орқали эса агентлик қошидаги мактабларда ўқувчиларни олий таълим муассасаларга кириш кўрсатгичлари ошади.
Яна бир таркибий қисм — халқаро ташкилотларнинг вакиллари иштирокидаги лойиҳаларни инкубация қилиш ва тезлаштиришдан иборат бўлади. Менторлар мактаб ўқувчиларнинг ижтимоий, илмий ва тижорат йўналишларига тааллуқли лойиҳаларини ишлаб чиқаришда ва ривожлантиришда ёрдам беришади.
Шунингдек, лойиҳа доирасида Andover, Milton, Cranbrook академияси ва бошқа хорижий нуфузли мактаблар билан алмашинув дастурини амалга ошириш режалаштириляпти. Ҳомийларнинг маблағларини жалб қилган ҳолда, агентлик мактабларнинг ўқувчиларини дунёнинг нуфузли университетларида таълим олиш масаласи ҳам муҳокама қилинмоқда.
Алишер Сайдалихўжаев ўқувчилар билан суҳбатни шундай таърифлади: “Президент мактабининг ўқувчилари билан суҳбатлашиб, мен янги, эркин ва мақсадга мувофиқ авлодни — нафақат Ўзбекистоннинг, балки келажакдаги бутун дунёнинг раҳбарларини кўрдим”.
“Мен PIIMA билан ҳамкорлигимиздан жуда мамнунман. Биз Ватанимизнинг кўзга кўринган ёшларига мақсадига эришишда ва уларнинг салоҳиятини тўлиқ очиб беришда ёрдам беришни хоҳлаймиз. Бизнинг лойиҳамиз болаларда ўзига бўлган ишончни оширишга, дунёнинг етакчи компанияларида қўлланиладиган замонавий ўз-ўзини билиш усулларини ўрганишга ёрдам беради”, — деди Анна Расулова.
— Битирувчи синф ўқувчилари ҳаётларида муҳим қадамни ташлайди ва бу босқичда уларга ёрдам керак. Бизнинг янги ташаббусимиз битирувчиларимизга маслаҳат беришга қаратилган. Лойиҳада муваффақиятли инсонлар ўзининг билими, ғояси ва тавсияларини бизнинг ўқувчиларимиз билан бўлишади. Агентлик барча манфаатдор томонларни ушбу лойиҳада ёшларимизни қўллаб-қувватлашга таклиф қилмоқда, деб таъкидлади Президент, ижод, ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директори, лойиҳа ташаббускорларидан бири Ҳилола Умарова.