Аммо унинг ўзи юксак марраларга эриша олишига ишонган, тинмай меҳнат қилган.

Пискент фарзанди, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори Нодира Рустамова жорий йилнинг 23 февралдан 1 мартига қадар Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида бўлиб ўтган “Global Peace Summit Dubai — 2022” Глобал тинчлик саммитида Ўзбекистондан делегат сифатида қатнашди. 

Бирлашган миллатлар ташкилотининг 2030 йилгача Барқарор Ривожланиш Мақсадларини бутун дунёда ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилган тадбир “Global Peace Chain” ташкилоти томонидан ташкил этилган. Унда дунёнинг 200 дан ортиқ давлатларидан делегатлар — Тинчлик элчилари иштирок этди. Вакиламиз ўз нутқида Ўзбекистоннинг тинчликпарвар сиёсати, аҳил қўшничилиги, миллатлараро тотувлиги, миллий қадриятларини жаҳон ҳамжамиятига намойиш этди. 

— Тинчлик улуғ неъмат. Тинчлик бўлмаган жойда ҳеч қандай ривожланишни таъминлаб, тараққиётни тасаввур этиб бўлмайди, — дейди Нодира Рустамова. — Бугун дунёнинг айрим ҳудудларида мавжуд нотинч вазиятда миллатлар ўртасидаги тинчлик-тотувлик ва ҳамжиҳатликни қарор топтириш асосий вазифалардан бири. Мазкур Саммитдан кўзланган мақсад ҳам тинчликнинг қадрига етиш, ҳар бир инсон қайси халқ, қайси миллат фарзанди бўлиши ва қайси динга эътиқод қилишидан қатъий назар, тинчликда яшаш ҳуқуқига эгалигига жаҳон ҳамжамиятини ишонтиришдан иборат.

Ушбу халқаро тадбирда тинчлик, гендер тенглиги, жамиятдаги табақалашув ҳамда нотенглик, тоза ичимлик суви, барқарор қувват манбалари, низо ва зиддиятларни тинч йўл билан ҳал этиш масалаларида фикр алмашилди. Шунингдек, ҳар бир давлат вакили ўз миллий урф-одатлари, қадриятлари ҳамда либосларини бошқа халқларга намойиш этди. Делегатлар эсдалик совғалари, эзгу ниятлар ва тилаклар ёзилган буюмларни бир-бирларига тақдим этдилар. Бундай тадбирлар миллат ва элатларни бир-бирига янада яқинлаштириши, дунёда тинчликни таъминлашда барчамиз бирдай масъул эканимизни чуқур ҳис қилиш ва англашга ёрдам беради.

Башорат САТТОРОВА,

журналист