Бугунги кунда Халқ банкининг Асака филиали томонидан 14 мингдан ортиқ фуқароларга ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам пуллари тўлаб берилмоқда. Жорий йил январь ойида мазкур филиал томонидан 3,5 мингдан ортиқ ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам пуллари олувчиларга пластик карталар очилган.

19-20 январь кунлари эса Асака тумани молия бўлими томонидан ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам пуллари молиялаштирилган. Ушбу маблағлар 3,5 мингдан ортиқ фуқароларнинг пластик карталарига ўтказилиб, уларни тарқатиш бошланган.

Ўз пластик картасини олиш учун юқоридаги фуқароларнинг бир вақтда банкка келиши ҳамда пластик карталаридаги маблағларни нақдлаштиришга бўлган уриниши сабабли Халқ банки Асака филиали олдида узундан-узун навбатлар юзага келган.

Ҳозир фуқароларга пластик карталарни тарқатиш ишлари давом эттирилмоқда. Хусусан, навбатлар юзага келишининг олдини олиш мақсадида пластик карталар маҳаллалар кесимида тарқатилиши йўлга қўйилди.

Банк Ахборот хизмати