Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази (ЙҲТМ) ушбу ишларга изоҳ берди. Мутахассислар мазкур ўзгаришлар оддий алмаштириш эмас, балки транспорт тизимини рақамлаштиришга қаратилганини таъкидламоқда.
Қайд этилишича, Тошкентда жорий этилаётган интеллектуал транспорт тизими ҳар бир чорраҳани ҳаракатни таҳлил қилувчи ва бошқарувчи рақамли марказга айлантиради. Янги светофорлар транспорт оқимини махсус датчиклар орқали кузатади. Агар бир йўналишда ҳаракат кам бўлса, яшил чироқ бекорга ёниб турмайди, балки тирбандлик кўпроқ бўлган томонга устуворлик берилади.
Шунингдек, тизим жамоат транспортини аниқлаб, автобуслар кечикмаслиги учун яшил сигнални узайтириши мумкин. Янги светофорлар товушли сигналлар ва замонавий чақирув тугмалари билан жиҳозланиб, айниқса пиёдалар учун хавфсизлик ва қулайликни оширади.
Мутахассисларга кўра, эски устунлардан фойдаланиш техник жиҳатдан мумкин эмас. Янги тизимда барча электр ва оптик кабеллар ер ости орқали ўтказилади, бу эса эски инфратузилмага мос келмайди. Шу билан бирга, замонавий светофорлар камера ва датчиклар билан жиҳозлангани учун устунда тебраниш бўлмаслиги муҳим. Янги устунлар айнан шундай барқарорликни таъминлайди. Бундан ташқари, улар зангламайди ва узоқ муддат хизмат қилади.
Янги тизим жорий этилиши натижасида транспорт оқимини автоматик бошқариш имконияти яратилади. Светофорлар ўзаро мувофиқлашиб, “яшил тўлқин”ни таъминлайди, бу эса тирбандликларни камайтириб, ҳаракатни узлуксиз қилади. Шу орқали ҳайдовчилар ва йўловчилар вақтни тежайди, шаҳарда эса янада қулай ва замонавий муҳит шаклланади.
Бу ўзгаришлар шунчаки эски ускуналарни янгилаш эмас, балки Тошкент транспорт тизимини рақамли бошқарув босқичига олиб чиқишга қаратилган муҳим қадам ҳисобланади.