Бу ҳақда транспорт вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, мамлакатимизнинг йирик транспорт-экспедиторлик компаниялари вакиллари иштирок этган мазкур ташриф доирасида минтақавий боғлиқликни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи стратегик келишувларга эришилди.
Музокаралар марказида турган энг муҳим масалалардан бири — «Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон» темир йўли қурилиши лойиҳасини жадаллаштириш бўлди.
Покистон Темир йўллари вазири ўринбосари Мазхар Али Шоҳ билан кечган учрашувда лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш учун қисқа фурсатда дала-тадқиқот ишларини бошлашга келишиб олинди.
Шу билан бирга, транспорт йўналишларини диверсификация қилиш борасида яна бир муҳим қадам ташланди.
Покистон коммуникациялар вазири ўринбосари Али Шоҳ Масуд билан кечган мулоқотда янги «Покистон – Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» транспорт йўлагини яратиш бўйича келишувга эришилди.
Мазкур йўналишнинг афзалликлари ва истиқболларини амалда синаб кўриш мақсадида шу йилнинг февраль ойида илк пилот юк ташувларини амалга ошириш белгиланди.
Бу йўлак Ўзбекистон учун нафақат Покистон, балки Хитой бозорларига чиқишда ҳам янги имкониятлар эшигини очади.