Мулоқот чоғида транспорт ва логистика, ўзаро товар айланмаси, сармоявий ва саноат кооперацияси, банк иши каби устувор йўналишларда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди.
2022 йилда 240 миллион долларга етган Ўзбекистон-Покистон ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар кўриб чиқилди. Томонлар икки томонлама товар айирбошлаш ҳажмини кўпайтириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида Имтиёзли савдо тўғрисидаги битимни амалда жорий этиш ва транспорт йўлакларини диверсификация қилишни жадаллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар қабул қилинишини қўллаб-қувватладилар.
Учрашувда трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳасининг ҳаётга татбиқ этилишини тезлаштириш бўйича ҳам келишувга эришилди. Бундан ташқари, келишилган чора-тадбирлар қаторида мультимодаль юк ташиш ҳажмини ошириш, маҳсулотларни учинчи давлатлар бозорларига биргаликда экспорт қилиш мақсадида ҳар икки давлат ҳудудларида терминаллар яратиш масалалари ҳам ўрин олди.
Шунингдек, банклараро алоқаларни кенгайтириш имкониятлари муҳокама этилди. Марказий банклар ўртасида SWAP операциялари механизмини жорий этиш, икки мамлакат молия институтлари ўртасида вакиллик банк муносабатларини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар кўришга келишилди, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.