Муддатидан  олдин овоз беришда  Карачи шаҳари ва унга  туташ ҳудудларда истиқомат қилаётган 17 нафар Ўзбекистон фуқаролари ўз  танловини  амалга  оширди.

Ушбу шаҳарда ташкил этилган кўчма овоз бериш пунктида фуқароларимизга Ўзбекистон Конституциясига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти, Конституциявий қонун лойиҳаси, давлатимиз раҳарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси, Олий Мажлис палаталарининг мазкур масалага оид мажлислари тўғрисидаги ахборотлар билан танишиш учун шароит яратилди.

Ўз  овозларини  берган юртдошларимиз референдум якунлари Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз  ҳаёти фаровонлигини таъминлашга  хизмат қилишига ишонч билдиришди.

 «Ўзбекистон раҳбариятининг хорижда яшаётган фуқароларнинг ҳуқуқларини таъминлаш борасида кўраётган чораларини юксак баҳолайман,-деди ватандошимиз Зинаида Кулина. - Референдумда ўз танловимни амалга оширдим.  Шу ўринда Карачи шаҳрида муддатидан олдин овоз бериш пункити ташкил этилгани учун мамлакатимиз раҳбариятига миннатдорлик билдираман. Халқимизнинг референдумдаги танлови Янги Ўзбекистонни барпо этишга ҳисса қўшишига ишонаман».

«Карачи шаҳрида яшаётган Ўзбекистон фуқароларга референдумда иштирок этиш, ўз танловини амалга ошириш учун  яратилган имконият учун мамлакатимиз раҳбариятига раҳмат айтамиз. Янги Ўзбекистонда ҳеч бир фуқаро эътибордан четда эмаслиги, уларнинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш давлатнинг бош шиори эканлиги ўз исботини топди», деди  Нана Шаҳанша.

Шу  ўринда таъкидлаш керакки, овоз беришда ёш ватандошларимиз ҳам фаол  қатнашдилар.  

«Бугун илк бор сайлов ҳуқуқимдан фойдаландим. Ўзбекистонимиз келажаги учун овоз бераётганлигимни, бунинг катта масъулият эканлигини ҳис қилдим,- деди Камила Саид. - Умид қиламанки, бугунги танловим давлатимизнинг янада ривожланиши, ёшлар ҳам бу жараёнда фаол иштирок этиши учун ҳақиқий замин яратади.

Покистондаги ўзбек ёшлари ҳам Ўзбекистонни жуда яхши кўради, унинг эртанги куни ҳақида ўйлайди, қайғуради. Ўзбекистондаги тенгдошларимизнинг ютуқларидан хурсанд бўламиз, юртимиз келажагини бунёд этишда уларга янги куч бўлиб қўшилишни истаймиз».