Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги Миллий марказий бюроси ҳамда Ўзбекистоннинг Полшадаги элчихонаси ўзаро ҳамкорлигидаги саъй-ҳаракатлари натижасида оғир турдаги жиноятни содир этган шахс қўлга олинди.
Маълум қилинишича, Интерпол Ўзбекистон Республикасидаги Миллий марказий бюроси масъул ходимлари томонидан олиб борилган тегишли тезкор ишлар ҳамда Ўзбекистоннинг Полшадаги элчихонаси вакилларининг ҳамкорлигида оғир жиноят содир этиб, Полша давлатида яшириниб юрган шахс аниқланган.
Халқаро шартномаларда белгиланган тартибда ушбу шахс Ўзбекистон Республикасига депортация қилиниб, мамлакатга олиб келинди. Қайд этилишича, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг хорижий давлатлар билан ўзаро ҳамкорликда олиб бораётган ишлари ижобий натижалар бермоқда.
Ўзбекистонга олиб келинган шахс содир этган жинояти учун қонунчиликка мувофиқ тартибда жавобгарликка тортилиши таъкидланди.