Мамлакатимизнинг Польшадаги элчихонаси томонидан Польша Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Стратегик захиралар давлат агентлиги билан биргаликда Қорақалпоғистон ва Хоразмдаги тиббиёт муассасалари эҳтиёжи учун 4 хил русумдаги “Bellavista” (Швейцарияда ишлаб чиқарилган) катталар ва болаларга мослашган ўпкани сунъий вентиляция қилувчи аппаратларни (ИВЛ) беғараз ёрдам сифатида Ўзбекистонга юбориш масаласи ишлаб чиқилди.

Бу ҳақда “Дунё” АА хабар бермоқда.

ИВЛ аппаратларининг умумий сони 449 дона, қиймати 17,5 миллион злотийни (4,5 миллион АҚШ доллари) ташкил этади.

20 июль куни барча аппаратлар 3 та юк машиналарига юклангани ҳолда Ўзбекистонга жўнатилди.

Стратегик захиралар давлат агентлигининг Шепетова шаҳридаги омборхонасида юкни қабул қилиш ва топшириш жараёнида мамлакатимиз дипломатия ваколатхонаси ходими иштирок этди.