Бизнес миссия билан Ўзбекистонда бўлиб турган Полшанинг Plantin қишлоқ хўжалиги компанияси вакиллари билан Жиззах вилояти ҳокимлигида музокаралар ташкил этилди.
Уларда Ўзбекистонда резавор мевали экинлар – голубика, малина, смородина, жимолост, шунингдек, финдиқ етиштиришга сармоя киритиш масалалари муҳокама қилинди.
Делегацияга резавор экинларнинг мақбул навларини танлаш ва уларни кейинчалик маҳаллийлаштириш, сармоявий шарт-шароитларни яратиш учун Ўзбекистон ҳудудининг иқлим харитаси тақдим этилди. Бундан ташқари, Полша томонига лаборатория тадқиқотлари учун танланган тупроқ ва сув намуналари берилди.
Plantin қишлоқ хўжалиги компанияси асосчиси Тадеуш Кусибаб, шунингдек, агар лойиҳа муваффақиятли амалга оширилса, резавор меваларни қайта ишлаш ва шарбатлар, мураббо, сироп ва экстрактлар, музлатилган маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ҳам сармоя киритишга тайёр эканини таъкидлади.