Маълум бўлишича, аввалроқ Тошкент туманида яшовчи фуқаро М.М. (тадбиркор), ўзига тегишли 35 сотих иссиқхонада, 61 миллион сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг ЖК 169-моддаси, 3-қисми билан айб эълон қилинган.

Орадан вақт ўтганлиги сабаб, ушбу шахс вазиятдан жазосиз чиқиб кетишни мақсад қилиб ишни кўраётган туман ИИБ терговчисида пора таклиф қила бошлайди.

ИИБ ходими билдиргисига асосан ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси, Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, фуқаро М.М. терговчига таклиф қилган 400 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни пора тариқасидабераётган вақтида далилий ашё билан ушланди, дея хабар беради ИИББ Ахборот хизмати.

"Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ушланган шахсга нисбатан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда", дейилади хабарда.