Аввал боғ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси балансида бўлиб, инвестор топилгунича ёпиқ ва ташландиқ ҳолда бўлган. 

Чиқиндиларни йиғиш ва дарахтларни суғориш билан бу ишга бефарқ бўлмаган кўнгиллилар ободонлаштириш бошқармаси шуғулланган. Сўнгра боғ инвесторга топширилаётгани ҳақида хабар тарқалди. Лекин ҳозир боғ шаҳар ҳокимлигига қайтарилди ва уни пойтахт ҳокимлиги тиклайди. Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев аҳоли билан маслаҳатлашиш, барча таклифларни тўплаб умумлаштирган ҳолда боғ реконструкциясида қўллаш топшириғини берди.

5 май куни Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари – Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасининг бошлиғи Фурқат Маҳмудхўжаев ва Яккасарой туманининг ҳокими Анвар Сайфутдинов иштирокида боғ тақдирига бефарқ бўлмаган фаол аҳоли вакиллари билан учрашув ташкил этилди. Яккасарой тумани ҳокими барчага ўз истакларини билдиришни таклиф қилди. 

Бўлажак боққа нисбатан қўйилган энг кўп қайтарилган талаблар: мунтазам суғориладиган кўплаб дарахтлар ва кўкаламзорлаштириш, велосипед йўлакларидан ажратилган сайр учун йўлаклар, ўриндиқлар, фавворалар, спорт майдончалари, қайиқлар мавжуд кўл, скейт ва роликлар учун ҳудуд, шахмат, бильярд, кутубхона, болалар учун тўгараклар, бепул кириш имконияти, ногиронлар учун қулай муҳит ва ҳоказо.

Сўзга чиққанларнинг ҳар бири авваллари Бобур ва Киров боғида (эски номи) қандай ҳолат бўлганини эслашди, учрашув дўстона хотиралар билан бўлишишга айланиб кетди. Таклифларни тўплаш учун ижтимоий тармоқларда гуруҳ ташкил қилиш ҳамда таклифларни умумлаштириш учун беш кишидан иборат ташаббускор гуруҳни тузишга келишилди.

Учрашув якунида Фурқат Маҳмудхўжаев барчага бефарқ бўлмаганликлари учун миннатдорлик билдириб, низоларни ҳал қилиш ёки бирон нарсани қутқариш ёки сақлаб қолиш учун эмас, балки ижобий бунёдкорлик мақсадида учрашиш ёқимли эканлигини таъкидлади.

Янгиликларимизни кузатиб боринг, тез кунда бўлажак «Дўстлик» боғи бўйича таклифларни тўплаш ва муҳокама қилиш учун ижтимоий тармоқларнинг манзилларини маълум қиламиз.