Унга кўра, Тошкент шаҳрида миллийликни кенг тарғиб қилиш бўйича ишчи гуруҳ тузилади ва ушбу мақсадларга хизмат қиладиган “Миллий Тошкент“ лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Ишчи гуруҳининг асосий вазифалари қуйидагилар:

— миллий либослар ва миллийликни оммалаштиришга оид тарғибот материалларини ишлаб чиқиш;
— корхона, муассаса ва ташкилотлар ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликни ташкил этиш;
— оммавий тадбирлар даврида миллий либослар ва миллийликнинг мавқейини мустаҳкамланишини таъминлаш;
— миллий либослар ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш;
— мавзуга оид ўқув-семинарлари, танловлар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш;
— қарорнинг бажарилиши юзасидан доимий назоратни амалга ошириш.

Шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари, бошқарма ва ташкилотлар ҳамда туман ҳокимликлари мазкур қарордан келиб чиққан ҳолда миллий либосларда юришни, миллийликни тарғиб қилишни ва миллий маданиятни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида моддий ва маънавий рағбатлантириш чораларини кўради.

Бундан ташқари, давлат ташкилотларида ҳафтанинг ҳар жума куни “Миллий либослар куни“ деб белгиланади. Шаҳар миқёсида ўтказиладиган барча оммавий тадбирлар (байрамлар, фестиваллар, кўргазмалар, спорт мусобақалари, концертлар ва бошқалар) миллий услубда безатилишини ҳамда иштирокчиларнинг миллий либосларда бўлишини таъминлаш чоралари кўрилади. Оммавий тадбирларда энг яхши миллий либослар намойиши, миллий ўйинлар, миллий рақс ва қўшиқлар танловлари ўтказилиб, ғолибларга совғалар ҳамда дипломлар бериб борилиши ташкил этилади.

Жамоат транспортлари, метро вагонлари ва бекатларда “Миллий либос барчага ярашади“ шиори остида миллийликни тарғиб қилувчи фото ва видеоматериаллар жойлаштирилиши кўзда тутилган.

Миллий қадриятлар ва миллий либослар мавзусида турли танловлар, викториналар, ўйинлар ҳамда бошқа тадбирлар ташкил этилиши ҳамда ушбу кўрик-танлов ва “челлендж“лар ўтказилиб, унда фаол иштирок этганлар ҳокимлик томонидан муносиб рағбатлантирилиши режалаштирилган.