Тошкент шаҳрининг Бўзсув аэрация станцияси пойтахтимизнинг Салар ва Бектемир аэрация станциялари каби Тошкент шаҳридан чиқаётган оқова сувларни тозалайди. Бугунги кунда ушбу станцияга Қорақамиш ва Жануби-ғарбий коллекторлардан суткасига 630 минг куб метр оқова сув келиб тушмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида оқова сувдан махсус мосламалар орқали ушлаб қолинган маиший (аҳоли томонидан канализацияга ташлаб юборилаётган озиқ-овқат қолдиқлари, елим идишлар, кийим-кечаклар, болалар тагликлари ва ҳоказо) ва саноат чиқиндилари (ишлаб чиқариш корхоналари томонидан канализацияга ташланаётган тўқимачилик қолдиқлари, кушхона чиқиндилари кабилар)нинг ҳажми 292 тоннага етган. Ваҳоланки бу кўрсаткич 2017 йилда 110 тоннани, 2018 йилда 182 тоннани, 2019 йилда 164 тоннани ташкил қилган. Кўриш мумкинки, канализацияга ташланаётган маиший ва саноат чиқиндиларининг ҳажми йилдан йилга ошиб бормоқда.

Биламизки, канализация сув таъминотининг муҳим мажмуаларидан биридир. Канализация тизимларининг асосий мақсади аҳоли чиқиндилари, саноат ва маиший чиқинди сувларини тозалаш, уларни кейинчалик ишлатиш ёки сув ҳавзаларига тушириш учун йўналтиришдир.

Канализация тизимидаги бузилишларнинг аксарияти эса юқоридаги келтирилган ҳолат каби, унитаз ёки канализация қудуғига маиший ва саноат чиқиндилари ташланиши оқибатида содир бўлади. Коллекторлар ичи тиқилиб, оқова сув тизимида авариялар юзага келади. Бу ҳудудларнинг эпидемиологик ҳолати ёмонлашиши, атроф-муҳит ифлосланишига олиб келади.

Демак, канализация тизимининг барқарор ишлашида истеъмолчининг ҳиссаси катта, у канализациядан фойдаланиш қоидаларини билиши ва унга риоя этиши лозим.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, бугунги кунда «Ўзсувтаъминот» АЖ томонидан айни йўналишда тарғибот ишлари бошлаб юборилган. Хусусан, канализациядан тўғри фойдаланиш бўйича қўлланмалар тайёрланиб, истеъмолчиларга тарқатилмоқда.

Сўнгги сўз ўрнида канализациядан фойдаланиш қоидаларини яна бир бор эслатиб ўтамиз.

Ёдда тутинг!

Канализация қудуғи ёки унитазга қувур йўлини тўсиши мумкин бўлган оҳак, қум, гипс, цемент, металл, тола, тупроқ каби қурилиш материаллари ва тўқимачилик, кушхона чиқиндилари каби саноат чиқиндилари ташлаш қатъиян мумкин эмас.

Қувур линиялари деворлари оксидланиши ёки вайрон бўлишига олиб келадиган моддалар: кислоталар, ишқорлар, ёғлар, эримайдиган ёғлар, қатронлар, мазутни тўкиб ташлаш тақиқланади.

Шунингдек, турли эритувчилар, бензин, керосин, фармацевтик ва гигиена воситалари (айниқса, болалар тагликлари), полиетилен пакетлар, озиқ-овқат қолдиқлари, латта ва бошқа чиқиндиларни ташламанг!