Қарорга кўра, Тошкент шаҳри Миробод туманидаги П.Ф.Баровский номли тиббиёт коллежи бино ва иншоотлари, истисно тариқасида, “Tashkent International Medical Center” МЧЖга “ноль” харид қийматида сотилади.

Объектни сотиб олган инвесторга:

  • 2022 йил 1 сентябрга қадар объектда камида 50,0 млн АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш орқали замонавий кўп тармоқли тиббиёт комплекси фаолиятини ташкил қилиш;
  • 500 янги иш ўрни яратиш мажбурияти юклатилади.

“Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодиё фаолият миллий банки” акциядорлик жамияти ва “Ўзсаноатқурилишбанки” акциядорлик жамиятига инвесторга лойиҳани амалга ошириш доирасида белгиланган тартибда кредит ажратиш тавсия этилади.

Лойиҳани амалга ошириш доирасида иштирок этадиган хорижий ташкилотлар вакиллари ва хорижий мутахассисларга Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буюртманомалари асосида:

  • Белгиланган тартибда кириш визалари расмийлаштирилиши,
  • белгиланган тартибда кўп марталик визалар берилиши ва муддати узайтирилиши ҳамда вақтинчалик яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйилиши ва муддати узайтирилиши таъминланади.

Қурилиш вазирлиги ушбу қарор доирасида объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш бўйича бажарилаётган ишларнинг сифати, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилиши юзасидан архитектура-қурилиш назоратини ўрнатиши белгиланди.