Шу йилнинг 20 октябрь куни Марказий сайлов комиссияси томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун “Сайлов жараёнини биргаликда ёритамиз”, деб номланган пресс-тур ташкил этилди. Ушбу тадбир ОАВ вакилларининг сайловни ўтказиш жараёнлари бўйича билимларини янада мустаҳкамлаш ва улар орқали сайловчиларга ушбу муҳим жараённинг ўтказиш тартибини етказиш мақсадида ташкил этилди.
Маълумот ўрнида шуни айтиш лозимки, Президент сайловини ўтказиш учун 14 та сайлов округи ва 10 760 та сайлов участкаси ташкил этилди. Округ сайлов комиссияси аъзолари умумий сони 266 нафар бўлиб, Тошкент шаҳрида 21 нафарни ташкил этади. Участка сайлов комиссиялари аъзоларининг умумий сони 142 044 нафар бўлиб, пойтахтимизда эса 8 889 нафардир.
Пресс-тур бўйича дастлабки манзил Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида жойлашган 14-Тошкент шаҳар округ сайлов комиссияси бўлди. Бу ерда округ сайлов комиссияси аъзолари томонидан сайловни ўтказиш бўйича тақдимот бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, Тошкент шаҳрида жами 822 та сайлов участкалари ташкил этилган. Мазкур участкаларнинг 79 таси пойтахтимизнинг касалхоналарида ва бошқа стационар даволаш муассасалари ҳамда ҳарбий қисмларда жойлашган.
Овоз бериш жараёнини ташкил этишни карантин талабларига амал қилган ҳолда ўтказиш мақсадида, барча сайлов участкаларига ниқоб, антисептик ва ҳимоя воситалари етказилди.
2021 йил 19 октябрга қадар Сайлов жараёнини бошқаришнинг автоматик тизими асосида сайловчилар рўйхати шакллантирилди.
Ушбу тизим сайловчиларнинг паспорт ва ПНФЛ рақамларини киритиш орқали ташкил этилади.
Жорий йилдаги сайловларда республиканинг бошқа ҳудудидан келган талабалар ва ишлаётган фуқаролар Тошкент шаҳрида овоз бериши алоҳида назоратга олинди.
Пойтахтдаги барча олий таълим муассасаларининг Талабалар турар жойлари ва ижарада турувчи 85 738 нафар талабалари ўзлари яшаш жойига яқин сайлов участкаларининг рўхатига киритилди.
Шунингдек, Тошкент шаҳрига келиб ишлаётган шахсларнинг 71 минг нафари ҳам пойтахтдаги сайлов участкаларида овоз беришлари кутилмоқда.
Бўлажак сайловда иштирок этадиган имконияти чекланган сайловчилар сони 32 мингдан ортиқни ташкил этиб, уларнинг 5000 дан ортиғи ўз уйларида овоз бериши бўйича зарур чоралар кўрилди.
Барча сайлов участкаларидаги комиссияларнинг фаолияти Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида ўз ишини қонунийлик, мустақиллик, холислик, очиқлик, ошкоралик ҳамда шаффофлик тамойилларига тўла амал қилган ҳолда ташкил этилган.
Участка сайлов комиссияси таркибини шакллантиришда гендер тенглик қоидаларига ҳам амал қилиниб, участка сайлов комиссияси раисларидан 445 нафари аёллардан иборат.
Сайлов жараёнини юқори савияда ташкил этиш мақсадида, барча участка сайлов комиссияларининг раислари, ўринбосар ва котиблигига номзодлар учун уч босқичда ўқув машғулотлари ташкил этилди. Ҳар бир сайлов участкасига сайлов жараёнининг ҳуқуқий асосларига оид турли ўқув-услубий материаллар тарқатилди.
Бугунги кунга қадар сайловчиларни сайлов участкаси ва сайлов куни ҳақида хабардор этиш мақсадида Тошкент шаҳрида яшовчи ҳар бир сайловчига таклифномалар етказилди.
Сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчининг муддатдан олдин овоз бериш жараёнларини ташкил этиш мақсадида Тошкент шаҳри бўйича 80 мингдан ортиқ бюллетенлар сайлов участкаларига етказилди.
Ушбу ҳуқуқдан фойдаланган ҳолда 19 октябр соат 20.00 ҳолатига 23 528 нафар сайловчи муддатдан олдин овоз берди.
Ҳозирги пайтга қадар округ томонидан сиёсий партиялар ва ўзини ўзи бошқариш органларидан 4932 нафар кузатувчи рўйхатга олинди.
Шунингдек, сайловда ўз номзоди билан қатнашаётган сиёсий партияларнинг 4110 нафар ваколатли вакиллари рўйхатга олинди.
Округ ва участка сайлов комиссияси фаолияти билан танишиш мақсадида аккредитациядан ўтган Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократия ва Инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Парламент ассамблеяси каби ташкилотларнинг халқаро кузатувчилари ўз фаолиятларини давом эттирмоқда.
Пресс-тур доирасида ОАВ вакиллари Шайҳонтоҳур туманида жойлашаган 362-сайлов участкасида муддатидан олдин овоз бериш жараёни ва пандемия шароитида сайловни ўтказиш бўйича ташкилий ишлар билан танишишди.
Шаҳзод ҒАФФОРОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири