Илмга асосланмаган ишбилармонлик узоққа бормайди. Тадбиркор бўлиш учун билим зарур эмас, деган хато фикр эса бугун шиддат билан ривожланаётган тараққиётга асло тўғри келмайди. Бу — ҳаётда, бизнес оламида муваффиятга эришиб, айни кезда, янги ва узоқ муддатли, истиқболли йўналишларга асос солаётган инсонларнинг сўзлари.
Пойтахтимизда ўтказилаётган ёшлар ойлиги доирасида старт олган “Таълим ва тадбиркорлик ҳафталиги”да юзлаб йигит-қизлар ана шундай муваффақиятли фаолият юритаётган соҳа вакиллари билан учрашиб, бевосита мулоқотга киришиш имкониятига эга бўлмоқда.
Кунлар совиб бораётган шу кунларда ёшларнинг қалбидаги ҳарорат ҳар қачонгидан юқори. “Тошкент ёшларни севади!” шиори остида ўтказилаётган ёшлар ойлигида бирлашаётган йигит-қизлар навбатдаги тадбирларни ҳам қизғин кутиб олди. 14—17 декабрь кунларига мўлжалланган ҳафталик таълим ва тадбиркорликка бағишлангани билан ҳам уларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Тошкент шаҳридаги Ёшлар марказида бўлиб ўтаётган учрашувларда ҳатто залда бўш жой қолмаётганига гувоҳ бўлдик.
Турли олий ўқув юртларидан келган талабалар ҳафталик меҳмонларининг аксариятини яхши танийди, ғойибона ўзларига устоз, деб билади. Улар орасида Compas Consulting асосчиси Улуғбек Ҳожиаҳмедов, “Юксалиш” лидерлар академияси, “Бизнес квадрат”, “Патронлар лигаси” лойиҳалари асосчиси Муҳаммадали Эшонқулов, Moliya.uz ва Growth Academy асосчиларидан Шоҳида Ибрагимова, Dalatek лойиҳаси асосчиси ва SAP компаниясининг Ўзбекистондаги директори Лазиз Адҳамов ва бошқа таниқли ишбилармонлар бор. Шахсий бизнесини бошлаш истагидаги ёшларнинг эса уларга берадиган саволлари, оладиган маслаҳатлари кўп. Ҳафталик бу имкониятни уларга бермоқда.
Аввало, тадбиркор бўлиш учун билим қанчалик зарур, деган савол кўпчиликни қизиқтиради. Аммо ҳафталик меҳмонларининг таълим олиш жараёнига бўлган қатъий талаблари, юқори билим даражалари ва шахсий кўрсаткичлари, қолаверса, уларнинг ўзлари мазкур соҳани ривожлантиришга асосланган бизнесни юритаётгани бу саволларга ўрин қолдирмади. Уларнинг бари муваффақият эшикларининг асосий калитларидан бири, шубҳасиз, яхши таълим эканини таъкидлашди.
— Бирор натижага эришиш учун, аввало, аниқ мақсад ва уни амалга ошириш учун билим зарур, — дейди Cambridge International College, IDP IELTS ва бошқа қатор лойиҳалар асосчиси Умиджон Ишмуҳаммедов. — Мен молия соҳасида таҳсил олишни бошлаган вақтимдаёқ АҚШдаги нуфузли олий ўқув юртида ўқишимни билардим. Ҳақиқатан, молия ва ва аудит йўналишидаги таҳсилни хорижда давом эттирдим. Мен йигит-қизларга доим IELTS даражасини олиш зарурлигини айтаман. Боиси, корхоналар ҳамиша малакали мутахассисга эҳтиёж сезади, бундай кадрга қўйиладиган талабнинг биринчиси эса тил билиш, деб биламан. Қолаверса, инсонда ўзидаги борини намоён эта олиш қобилияти бўлиши керак. Қўрқув, тортинчоқлик кўп ишни бошлашга тўсқинлик қилади. Меҳнат, билим ва уларни кўрсата билиш қобилияти эса катта муваффақиятга етаклайди.
Глобаллашув даврида инсоннинг локацияси муҳим бўлмай қолди. Бугун билим олишни мақсад қилган ёшлар исталган шакл ёки манзилда ўқиб-ўрганишлари мумкин. Бу йўналишда тадбиркорлигини йўлга қўяётган йигит-қизлар эса ўзлари қаторида атрофдагиларни ҳам билим олишга рағбатлантирмоқда.
Умуман, Тошкент шаҳри ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги Тошкент шаҳри бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида ўтказилаётган ушбу ойлик доирасида йигит-қизларнинг истеъдодларини қўллаб-қувватлаш, таклиф ва лойиҳаларини амалга ошириш мақсад қилинган.
— 15 ноябрдан бошланган ёшлар ойлиги давомида ўтказилиши режалаштирилган тадбирлар кўлами жуда кенг, — деди Ёшлар ишлари агентлиги Тошкент шаҳри бошқармаси бошлиғи Абдулазиз Назиров. — Ҳар бири алоҳида номланган ҳафталикларида минглаб ёшлар фаол қатнашиб келмоқда. Хусусан, “Интеллектуал ўйинлар” ҳафталиги доирасидаги тадбирларда жами 6 минг 790 нафар ёш иштирок этган бўлса, спорт мусобақалари етти кунлигида мингдан зиёд йигит-қиз футзал, волейбол, стол тенниси, боулинг бўйича ўзаро беллашди. Барча ўйинлар ва мусобақаларнинг ғолиблари диплом ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди. Албатта, буларнинг барчаси ёшлар учун ўтказилмоқда ва тадбирлар, беллашувлар, концертларда иштирок этиш мутлақо текин.
Тадбиркорлар билан учрашувларда иштирок этиб, улардан маслаҳатлар олиш ёшларга берилаётган яхши имкониятлардан бири. Шундай тадбирларда ўзларига мотивация олиб, олдига аниқ мақсад қўяётган йигит-қизлар кўпчиликни ташкил этади.
— Бугунги учрашув кечагидан ҳам қизғин, кўтаринки кайфиятда ўтмоқда, — дейди Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети 2-босқич талабаси Муҳриддин Саидмуродов. — Умуман, ҳафталик бизга аниқ мақсад йўлида изланиш, билим олишга бўлган истакни ошириши билан ҳам қизиқ ва фойдали бўляпти. Тадбирга таклиф этилган меҳмонлардан жуда кўп билим, кўникмалар оляпмиз. Айниқса, Умид Ишмуҳаммедов билан учрашув менда катта таассурот қолдирди. Ундан ўз саволимга жуда чиройли, аниқ жавоб олдим. Шижоат, қатъиятим янада ошди. Ғояларимни мустаҳкамлаб олдим. Ўзим геология соҳасида таҳсил олаётган бўлсам-да, ўз соҳаси етакчилари фаолиятидан кўп нарса ўргандим.
Муҳими, ёшлар тадбиркорлик фақат кўр-кўрона бизнес юритиш эмас, балки билимга асосланган, доимий ўзгаришлар оқимидаги соҳа эканини ҳис этмоқда. Таълимда ҳам бу йўналиш алоҳида ўрин эгаллаяпти.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири