— “Эл-юрт умиди” жамғармаси кўмаги билан Колорадо университетида аэрокосмик муҳандислик йўналишида таҳсил оляпман. Бу — келажакда мен ўзимни кўра оладиган, ўзимни унга тегишли деб биладиган соҳа. 

Оиламиздаги муҳит қизларнинг таълим олишини, ўзи қизиққан йўналишда муваффақиятга эришишини рағбатлантиради, қўллаб-қувватлайди. Президентимиз билан Нью-Йоркда учрашиш имкониятига эга бўлганим, бундан ота-онамнинг, яқинларимнинг қувонишини ҳам ана шу муҳит туфайли, деб биламан.

Бу учрашув ҳаётимда катта ўзгариш ясашига ишонаман. Чунки у менга ўқиш ва изланишларим, билимим ва салоҳиятимни ватаним равнақи йўлида сафарбар этиш учун катта мотивация берди.

Бакалавр таҳсилини тугатгач, “Ўзбеккосмос” агентлигида ишлашни ва тўплаган тажрибамдан фойдаланиб, юртимизда аэрокосмик муҳандислик инфратузилмасини шакллантиришга ҳисса қўшишни режалаштирганман.

Учрашув чоғида муқобил энергия хусусида гап борди. Шунингдек, стипендиатларнинг таклиф ва ташаббуслари нафақат қўллаб-қувватланди, балки тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига бу таклифлар бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш топшириғи берилди. Мен эса келгуси фаолиятимда муқобил энергия соҳасига ҳам устувор аҳамият беришни мақсад қилиб қўйдим.

Бундан ташқари, Президентимиздан ўзимнинг соҳам бўйича кўрсатмалар олдим. Аэрокосмик соҳани кейинги босқичга олиб чиқиш ва келажакдаги лойиҳалар учун асосий платформа яратишга иштиёқим ортди.