Олий таълим тизимида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида бугунги кунда олий таълим муассасалари сони 141 тани ташкил этмоқда, жумладан, 26 та нуфузли хорижий олий таълим муассасаларининг филиаллари очилди. Зеро, 2016 йилда мамлакатимизда олий таълим муассасалари сони 77 тани ташкил қилган эди. Қисқа муддатда бу борада қарийб икки баробар ўсишга эришилди.
Мамлакатимиз олий таълим тизимининг байроқдори — флагмани сифатида республикамиз ва дунё тажрибасининг энг илғор ютуқларини ўзида мужассам этадиган, барча институт ва университетларимизга намунавий модель бўлиб хизмат қиладиган — “Янги Ўзбекистон” университети ташкил этилиб, 2021/2022 ўқув йилида унга 300 нафар ёшлар қабул қилиниши белгиланди.
Натижада, сўнгги беш йилда олий таълимга қабул квотаси 3 баробар оширилиб, жорий йилда 182 минг нафар ёшлар учун талаба бўлиш имконияти яратилди. Бу билан умумий қамров даражаси 28 фоизга етди. 2016 йили бу кўрсаткич атиги 9 фоизни ташкил қилар эди. Давлат грантлари 21 мингтадан 47 мингтага кўпайтирилгани, эҳтиёжманд оилаларга мансуб 2 минг нафар хотин-қизларга олий ўқув юртларига кириш учун алоҳида грантлар ажратилгани минглаб оилаларга қувонч олиб киргани шубҳасиз.
Шунингдек, тизимда ўқишнинг кундузги шакли билан бирга кечки ва сиртқи бўлимлар фаолияти ҳам йўлга қўйилди. Олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари классификаторига 329 та таълим йўналиши ва 582 та магистратура мутахассислиги киритилди.
Жумладан, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 235-бандида 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёшлар учун Президент грантини жорий этиш вазифаси белгиланган. Ёшларни ўз устида мунтазам ишлашга ундаш, илм-фанга бўлган интилишларини янада рағбатлантириш ҳамда билимли ёшларни янада қўллаб-қувватлаш, шунингдек, мазкур банд ижросини таъмилаш мақсадида 2021 йил 6 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республика олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилинган иқтидорли ёшларни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорда, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб давлат олий таълим муассасалари бакалавриатининг кундузги таълим шаклига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёшлар учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти гранти жорий қилиниши белгиланган.
Шунингдек, қарорда Президент гранти учун ажратилган квотанинг таълим соҳалари бўйича тақсимоти ҳар йили ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан тасдиқланиши қайд этилган. Бунда, абитуриентларнинг кириш имтиҳонлари натижаларига кўра тўплаган балига қўшиб берилган баллар Президент грантига даъвогарларни аниқлашда ҳисобга олинмайди. Президент гранти совриндорлари биринчи курсда барча фанларни “аъло” баҳоларга ўқиган, маънавий-маърифий ва илмий-тадқиқот йўналишларида ютуқларга эришган талабалар орасидан танлов асосида аниқлаш йўлга қўйилади. Ғолиб талабаларга Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендияси тайинланади ва тўланади. Агарда, ўқув семестри якунига кўра камида битта фандан ўзлаштириш кўрсаткичи “аъло” баҳо бўлмаган тақдирда, Президент гранти соҳибларига келгуси ўқув семестри мобайнида умумий тартибда белгиланадиган стипендия тайинланади ва тўланади.
Президент гранти учун белгиланган стипендия иккинчи курснинг ўқув йили бошидан ойма-ой тўланади ва шу муносабат билан унга умумий шартларда белгиланадиган стипендия тўланмайди.
Шунингдек, қарорда берилаётган имтиёзлардан яна бири, ўқиш якунига қадар Президент грантини узлуксиз олган талабалар магистратурага кириш имтиҳонларисиз қўшимча давлат гранти асосида талабаликка қабул қилиниши назарда тутилган.
Мухтасар қилиб айтганда, Президент грантининг жорий қилиниши ёшларни янада руҳлантириш, билим олишга бўлган қизиқишларини кучайтириш, уларни моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда улар учун чинакамига мотивацион куч бўлиб хизмат қилади. Бунинг натижасида улар орасидан келажакда юртимиз ривожига ўз ҳиссасини қўшадиган, билимдон, зукко ҳамада Янги Ўзбекистонни бунёд этиш жараёнида камарбаста бўлувчи ёш мутахассис кадрлар етишиб чиқиши учун замин яратилади.
Анваржон МИРКОМИЛОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази бош мутахассиси