Жорий йил бошида кунига ўртача 30-40 бемор аниқланган бўлса, март ойи ўрталаридан бу кўрсаткич 160-180 нафарни ташкил этмоқда. Касалликнинг ўта оғир кечиши, ҳаттоки ўлим ҳолатлари ҳам қайд этилмоқда. Бунинг сабаби – карантин талабларига бефарқлик.

Президентимиз Бош вазирга вилоят ҳокимлари билан бирга коронавирусга қарши курашиш бўйича ҳудудий штаблар фаолиятини кучайтириш бўйича топшириқ берди.

Бунда туну кун ишлайдиган “колл-марказ”лар ва мобил бригадалар фаолиятини йўлга қўйилади. Дори-дармон ва ҳимоя воситаларининг камида 3 ойлик захираси шакллантирилади. Илғор тажриба асосида даволаш протоколлари қайта кўриб чиқилиб, жойлардаги 10 минг нафар шифокорни онлайн ўқитилади.

– Хавф ёнимизда юрибди. Бунинг охири кўринмаяпти, энг ёмони, бу касаллик қўшни мамлакатларда авж оляпти. Шу боис, кучайтирилган тартибга ўтамиз. Лекин бирон жойни ёпмаймиз. Тажрибамиз бор. Шундан фойдаланиб вазиятдан чиқамиз, – деди Президентимиз.