Бу ҳақда Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Алишер Қодиров маълум қилди.
"Дарахтни ноқонуний кесганлик учун АҚШда 100 минг, Францияда 150 минг, Саудияда 8 миллион АҚШ долларигача жарима белгиланган. Бизда бу ҳаракат учун 1000 АҚШ долларигача жарима кўзда тутилган қонун Президент томонидан рад этилди. Эътироз тўғри, қонунни қайта кўрамиз", деб ёзган Алишер Қодиров.
Эслатиб ўтамиз, Сенатнинг 3 майдаги мажлисида маъқулланган қонун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартишлар киритилган эди. Хусусан, дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ёш ниҳолларни ноқонуний кесиш, илдизи билан суғириб олиш, шикастлаш, нобуд қилиш ёки кўчириб ўтказиш учун фуқароларга БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача (аввал 5 бараваридан 10 бараваригача эди), мансабдор шахслар учун эса 15 бараваридан 20 бараваригача (аввал 10 бараваридан 15 бараваригача эди) жарима белгиланиши кўзда тутилган эди.