Таъкидланганидек, бугунги кунда ахборот технологиялари, сунъий интеллект, робототехника, энергетика, электротехника, кимё ва мудофаа саноати каби стратегик тармоқларни жадал ривожлантириш кўп жиҳатдан мис, уран, литий, вольфрам ва бошқа муҳим металлар базасига таянади. Дунё бозорларида мазкур ресурсларга талаб ошиб бораётгани, жумладан, мис концентрати бозорида тақчиллик кучайиб, нархлар ўсиши кутилаётгани тоғ-кон ва металлургия соҳасидаги лойиҳаларни тезлаштиришни янада долзарб қилиб қўймоқда.
Шу муносабат билан 2030 йилга қадар Ўзбекистонда олтин ишлаб чиқаришни 175 тоннага, кумушни 500 тоннага, уранни 15 минг тоннага, мисни 500 минг тоннага етказиш бўйича белгиланган марраларга эришиш учун барча имкониятларни тўлиқ сафарбар этиш зарурлиги қайд этилди.
Бу борада ҳар бир йирик лойиҳани аниқ график асосида амалга ошириш, молиялаштириш, қурилиш, логистика, технологик жиҳозлаш ва кадрлар билан таъминлаш масалаларини ўзаро уйғунликда ҳал қилиш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.
Йиғилишда, аввало, Олмалиқ кон-металлургия комбинатида амалга оширилаётган стратегик лойиҳаларнинг бориши танқидий кўриб чиқилди. Хусусан, 3-мис бойитиш фабрикасининг кейинги навбатларини жадаллаштириш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.
Шунингдек, мазкур лойиҳанинг технологик давоми ҳисобланган янги мис эритиш заводини барпо этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Унда техник-иқтисодий асосни якунлаш, хорижий экспертларни жалб қилиш, қисқа муддатларда қурилиш ишларини бошлаш юзасидан масъулларга аниқ вазифалар юклатилди.
Олмалиқ комбинатининг истиқболдаги эҳтиёжларидан келиб чиқиб, 4-мис бойитиш фабрикаси бўйича техник-иқтисодий асосни ишлаб чиқиш учун нуфузли халқаро компанияларни жалб этиш вазифаси алоҳида кўрсатиб ўтилди. Ушбу ҳужжатда сув таъминоти, темир йўл, энергетика инфратузилмаси, экологик талаблар ва юқори самарали технологияларни комплекс қамраб олиш лозимлиги таъкидланди.
Йиғилишда жорий йил учун тармоқда 90 та лойиҳа доирасида 2 миллиард 200 миллион доллар инвестиция жалб қилиш, 172,5 минг тонна мис, 120 тонна олтин, 210,5 тонна кумуш ва 8 минг тонна уран ишлаб чиқариш вазифалари белгилангани қайд этилди.
Шу билан бирга, бир қатор истиқболли конлар ва объектлар бўйича техник-иқтисодий асосларни тез фурсатда якунлаш, экспертиза жараёнларини соддалаштириш бўйича қабул қилинган янги қарор имкониятларидан самарали фойдаланиш зарурлиги таъкидланди. Ҳукуматга ушбу лойиҳалар доирасидаги ташкилий ва ҳуқуқий масалаларни қисқа муддатда ҳал қилиш топширилди.
Энергетика ресурсларига бўлган талаб ортиб бораётган шароитда кўмир қазиб чиқариш ва уни қайта ишлаш лойиҳаларини жадаллаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Аҳоли ва саноат корхоналарига кўмир етказиб бериш ҳажмини ошириш юзасидан вазифалар белгиланди.
Навоий кон-металлургия комбинати фаолияти доирасида “Мурунтов” конини кенгайтиришнинг навбатдаги босқичи, янги конларни ўзлаштириш, мураккаб рудалардан олтин ажратиб олиш технологияларини жорий этиш, шунингдек, айрим йирик лойиҳалар бўйича инвесторлар билан ҳамкорлик механизмларини қайта кўриб чиқиш юзасидан топшириқлар берилди.
Металлургия йўналишида “Ўзметкомбинат”да ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, ички хомашё базасидан самарали фойдаланиш, рақобатбардош маҳсулот турларини кўпайтириш, бозор талабига мос металл листлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди. Бу борада хомашё таъминоти, маҳсулот турларини диверсификация қилиш ва янги бозорларни ўзлаштириш бўйича аниқ чоралар белгиланди.
Йиғилишда Технологик металлар комбинати фаолиятига ҳам тўхталиниб, саноат учун муҳим металлар ва мураккаб қотишмалар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, селен, теллур, кукун металлургияси деталлари ва бошқа юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни жадаллаштириш вазифаси қўйилди.
Тармоқ корхоналарида таннархни пасайтириш ва харажатларни қисқартириш масалалари ҳам диққат марказида бўлди. Мутасаддиларга бир бирлик маҳсулот таннархини қисқартириш, энергия сарфини камайтириш, ресурслардан тежамкор фойдаланиш ва ойма-ой аниқ натижаларга эришиш бўйича манзилли дастурлар ишлаб чиқиш топширилди.
Давлат харидлари ва кооперация соҳасида маҳаллий компонентни кенгайтиришга алоҳида урғу берилди. Шу боис, мутасаддиларга лойиҳалар ва харидларда маҳаллий компонент улушини жорий йилда 2 миллиард доллардан ошириш бўйича аниқ кўрсаткичлар белгилаб берилди.
Шунингдек, геология-қидирув ишларини кучайтириш, қўшимча захираларни аниқлаш, янги кон ва инвестиция блокларини инвесторларга таклиф қилиш, углеводородга истиқболли майдонларни иқтисодиётга жалб этиш бўйича режалар муҳокама қилинди. Бу йўналишда жорий йилда олтин, кумуш, мис, уран ва рух захираларини сезиларли ошириш вазифаси қўйилди.
Йиғилишда соҳада амалга оширилаётган 22 миллиард долларлик лойиҳалар доирасида 38 мингта янги иш ўрни яратилиши, жумладан, 7,5 минг муҳандис ва 14 минг ўрта бўғин мутахассисларига эҳтиёж пайдо бўлиши қайд этилди. Шу муносабат билан соҳадаги олий таълим муассасалари ва техникумлар фаолиятини янги талаблар асосида ташкил этиш, таълим дастурларини замонавий технологияларга мослаштириш, дуал таълимни кенг жорий этиш, диплом ишларини бевосита ишлаб чиқариш вазифалари билан боғлаш бўйича кўрсатмалар берилди.
Бундан ташқари, олийгоҳлардаги илмий тадқиқотларни комбинатлардаги амалий технологик ечимларга йўналтириш, илмий ишлар натижаларини ишлаб чиқаришга татбиқ этиш, талабалар учун ўқув-машғулот полигонларини ташкил қилиш, саноат корхоналарида цехларни амалиёт ва тадқиқотлар учун мослаштириш вазифалари белгиланди.
Янги лойиҳалар доирасидаги долзарб илмий мавзулар рўйхатини очиқ эълон қилиш тизимини йўлга қўйиш топширилди. Бу тадқиқотларда соҳадаги 5 та олийгоҳ билан бир қаторда техника йўналишидаги барча давлат, хусусий олийгоҳ ва илмий ташкилотлар иштирок этиши мумкин бўлади
Йиғилиш якунида тоғ-кон, металлургия, кимё ва нефть-газ каби базавий тармоқларда йирик лойиҳалар ижросини тизимли назорат қилиш мақсадида Президент раҳбарлигида Саноат кенгаши тузилиши маълум қилинди. Ушбу кенгаш доирасида йирик корхоналарни халқаро стандартлар асосида трансформация қилиш, таннарх ва энергия сарфини камайтириш, хомашёни чуқур қайта ишлаш, маҳаллий контентни ошириш, барча жараёнларни рақамлаштириш, сунъий интеллектни жорий этиш, инвестиция ва экспортни кўпайтириш бўйича ойлик иш режалари тасдиқланади.
Мутасадди раҳбарларга ушбу режалар ижросини ҳар ой жойларга чиққан ҳолда корхонабай танқидий муҳокама қилиш, мавжуд масалаларни тезкор ҳал этиш ва ҳар чорак якунлари бўйича ҳисобот киритиб бориш топширилди.