Ўтган йили мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти ҳажми 7,7 фоизга ўсиб, 147 миллиард доллардан ошди.
Иқтисодиётга илғор, энергия тежамкор технология олиб кирилаётгани, юқори қўшилган қиймат берадиган лойиҳалар кўпайтирилаётгани натижасида бир йил ичида бир долларлик қўшилган қиймат яратишга сарфланган энергия харажатлари 15 фоизга камайди, иқтисодий ўсишнинг ярмидан кўпи хизматлар ҳисобидан таъминланди. Қишлоқ хўжалигида гектаридан ўртача даромад 4,5 мингдан 5 минг долларга кўпайди. Меҳнат унумдорлиги 4,7 фоизга ошди.
«Буларнинг барчаси иқтисодиётимиз янги сифат босқичига ўтаётганидан далолат.
Биз 2026 йилда 6,6 фоизли иқтисодий ўсиш қилиб, ялпи ички маҳсулот ҳажмини 167 миллиард долларга етказишни прогноз қилган эдик. Бу геосиёсий вазият ва иқтисодий тебранишлар ҳисобга олиб қилинган эҳтиёткор прогноз», – деди Президентимиз.
Давлатимиз раҳбари ҳар бир вазир, ҳоким, тармоқ раҳбари соҳаси, тизими, корхоналарига янгича бошқарув олиб кириб, бор ресурслардан самарали фойдаланса, анъанавий экспорт бозорлари ва маҳсулотларига боғланиб қолмасдан, янги йўналишларни топиб, тадбиркорларга йўл очиб берса, сунъий интеллект, рақамлаштириш бўйича мутахассисларни жамлаб, инновациялар қилса, салоҳиятли ёшларни топиб, «стартап клуб»лар ташкил этса, уларнинг ишланмаларини корхоналарда қўлласа, янада юқори иқтисодий ўсишни таъминлашга барча имкониятлар борлигини таъкидлади.
Лекин кўп раҳбарлар жон куйдириб, катта марра олиш ўрнига ҳеч қандай ўзгариш қилмаса ҳам ўз-ўзидан таъминланадиган режалар олгани кўрсатиб ўтилди.
Сўнгги уч йилда саноатда қўшилган қиймат улуши 40,7 фоиздан 43 фоизга кўпайди. Лекин ушбу кўрсаткич автомобиль ишлаб чиқаришда атиги 20,7 фоиз, электр ускуналарида 29,3 фоиз, озиқ-овқат саноатида 30,1 фоиз, чарм саноатда 33,4 фоиз, кимё саноатда 40,4 фоизни ташкил қилиб, қўшилган қиймат пастлигича қолмоқда.
Ваҳоланки, 2023-2025 йилларда мана шу 5 та тармоққа жами 12 миллиард доллар инвестиция киритилди, 200 дан зиёд янги қувватлар ишга тушди.
Масалан, агротехнология ўзгаргани учун деҳқонлар далада суюқ ўғит ишлатишни афзал кўряпти. Лекин ҳалигача кимё заводлари бунга мослаша олгани йўқ. Фақат анъанавий минерал ўғит ишлаб чиқармоқда.