Мажлисда Сайлов кодексига биноан, муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчилар учун сайлов участкаларида муддатидан олдин овоз бериш ўтказилиши юзасидан қарор қабул қилинди. Унга кўра, муддатидан олдин овоз бериш 2023 йил 28 июнь куни бошланиб, 2023 йил 5 июль куни якунланади. Сайлов участкасида муддатидан олдин овоз бериш вақти иш кунлари соат 9.00 дан соат 18.00 га қадар, дам олиш ва байрам кунлари соат 11.00 дан соат 17.00 га қадар давом этади.

Маслисда Президент сайловини ўтказиш даврида жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бўлинмаларининг бу йўналишдаги вазифалари белгилаб берилди. Шунингдек, сайловга тайёргарлик кўриш даврида Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаатлар бўйича кўрилган чоралар комиссия аъзолари томонидан муҳокама этилди ва қарор қабул қилинди.

Марказий сайлов комиссиясининг муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация қилиш тўғрисидаги қарорига мувофиқ, 51 нафар кузатувчи аккредитациядан ўтказилди. Оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш юзасидан қабул қилинган қарорга мувофиқ эса, маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг 300 вакили аккредитация қилинди. Умумий ҳисобда аккредитациядан ўтказилган маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларининг сони 854 нафарни ташкил этмоқда.

Мажлисда муддатидан илгари Ўзбекистон Республикасининг Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан 7-Самарқанд, 6-Наманган, 12-Хоразм, 5-Навоий ҳамда 10-Тошкент вилоят округ сайлов комиссияси раисларининг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни юқори ташкилий даражада ўтказиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида ахбороти тингланди.

Баҳор ХИДИРОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири