Бироқ бу масалага икки ой давомида бирорта масъул эътибор қаратмаган, мурожаатга эса юзаки жавоб берилган. Ҳолат ижтимоий тармоқда тарқалганидан кейингина маблағ ҳам топилган, кўприк ҳам қурилган.
Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан ўтаётган видеоселектор йиғилишида Президент бу масалага эътибор қаратиб, мурожаатлар билан ишлашдаги бундай камчиликлар одамларнинг давлатга бўлган ишончига путур етказаётгани кўрсатиб ўтди.
Қайд этилишича, мамлакатимизда ҳар ўн минг кишига ўртача 319 та ариза ва шикоят тўғри келмоқда.
Лекин бу кўрсаткич Тошкент шаҳрида 535 та, Навоий вилоятида 462 та, Сирдарё ва Сурхондарёда 452 тадан, Жиззахда 430 та, Қашқадарёда 368 та, Тошкент вилоятида 350 тани ташкил қилмоқда.
Деҳқонобод, Миробод туманлари, Навоий, Оҳангарон ва Янгиер шаҳарларида ҳар ўн минг аҳолига тўғри келадиган аризалар сони бошқа туманлардан 2 баробар юқори экани кўрсатиб ўтилди.
Ёки мурожаатлар сони республикада 16 фоизга камайгани билан Қоровулбозор, Нурота, Конимех, Тупроққалъа туманлари, Наманган шаҳрида олдинги йилдан 50 фоизгача ошган.
Бухоро, Кармана, Учқудуқ, Сардоба, Ховос, Бўстонлиқ туманлари, Ангрен, Ғозғон шаҳар ҳокимлари маҳалладаги 4-5 нафар одам билан «номига» гаплашиб, сайёр қабул ўтказдим деб юргани танқид қилинди.
Ўтган йили Халқ қабулхоналарига ҳокимларнинг ўзи раҳбар қилиб тайинланганди. Қорақалпоғистон, Андижон, Қашқадарё, Хоразм, Сирдарёда раҳбарларнинг ўзи шуғуллангани учун ҳудудидаги мурожаатлар 25-30 фоизга камайгани, аҳоли кўтарган масалаларнинг 60-70 фоизи ижобий ҳал бўлаётгани таъкидланди. Лекин қолган ҳокимлар ва айрим вазирлар ҳали бу борада кескин ўзгариш қилмагани кўрсатиб ўтилди.
Масалан, Тошкент шаҳрида 170 минг ва Тошкент вилоятида 110 минг мурожаатнинг ярмидан кўпи ечимини топмаган. Сурхондарё, Самарқанд, Тошкент шаҳрида такрорий мурожаатлар кўпайган.
Халқ қабулхоналарига келаётган мурожаатларнинг катта қисми Ички ишлар (148 минг), Мажбурий ижро бюроси (134 минг), Энергетика (88 минг), Бандлик (60 минг) ва Соғлиқни сақлаш вазирлигига (56 минг) тегишли экани қайд этилди.