Анъанага кўра, тадбир аввалида раислик қилувчи давлат мадҳияси ва Қуръон оятлари янгради.

Айни вақтда давлатимиз раҳбари анжуманда нутқ сўзламоқда:

“Банкнинг йиллик анжумани Тошкентда ўтказилиши ўзига хос рамзий маънога эга.

Биз буни Ўзбекистоннинг ислом дунёси ривожига қўшган ҳиссаси, шунингдек, мамлакатда сўнгги беш йил давомида олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг эътирофи, деб ҳисоблаймиз.

Ўзбек халқининг буюк аждоди, бутун мусулмон оламининг улуғ намояндаси Имом Ал Бухорий ҳазратлари жамлаган “Саҳиҳи Бухорий” китобида зикр этилган ҳадиси шарифда айтилганидек, “Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир”.

Барчамиз холис ният қилган эканмиз, Яратганнинг марҳамати билан бугун Ислом тараққиёт банки гуруҳининг йиллик учрашувини жонли равишда ўтказишга муваффақ бўлаяпмиз.

Таъкидлаш жоизки, мазкур тадбир пандемия бошлангандан бери дунёдаги халқаро молиявий институтлар орасида биринчи бўлиб ташкил этилган нуфузли анжумандир".

Давлатимиз раҳбари Ислом тараққиёт банкининг барча аъзо давлатлари вакиллари номидан Муҳаммад Ал-Жассирни банк Президенти лавозимида иш бошлагани билан табриклади ва юртимиз билан ҳамкорлик фаолиятининг муҳим қисмига айланишига ишонч билдирди.

Президент Шавкат Мирзиёев юртимизнинг ислом дунёси билан кўп асрлик алоқаларига алоҳида тўхталиб ўтди.

"Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Ислом тараққиёт банкига бундан 18 йил аввал аъзо бўлган. Айни вақтда юртимизнинг Ислом дунёси билан алоқалари минг йилдан зиёд тарихга эгадир.

Асрлар давомида Ўзбекистон замини мусулмон оламининг буюк ва ноёб маданияти, илм-фани ва ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг марказларидан бири бўлганидан сизлар албатта хабардорсиз.

Қадимий Ўзбекистон – яъни, Мовароуннаҳр диёри ислом дунёсининг юксак маданияти ва цивилизацияси ривожига унутилмас ҳисса қўшган аллома ва мутафаккирлар юртидир.

Бухоролик буюк уламо – имом Аҳмад ибн Ҳафс Кабир Бухорий ва унинг бутун дунёга танилган шогирдлари, имом Ал-Бухорий ва имом Ат-Термизий асарларининг ислом фалсафаси илмий-назарий асосларини яратишдаги аҳамияти беқиёсдир.

Бухорои шариф мусулмон оламида “Қуббат-ул ислом”, яъни, “Ислом динининг гумбази” номи билан маълум ва машҳурдир.

“Жоруллоҳ” (“Аллоҳнинг қўшниси”) деган шарафли ном билан улуғланган Хоразмлик аллома Маҳмуд Аз-Замаҳшарий араб тили грамматикаси ривожига улкан ҳисса қўшганлиги сизларга яхши маълум, деб ўйлайман.

Маккаи мукаррамадаги “Масжид ул-Ҳарам” яқинида яшаган бу беназир олимнинг грамматикага оид “Ал-Муфассал” асари, арабча-форсча луғат китоби Шарқ давлатлари олийгоҳларида кўп асрлар мобайнида асосий дарслик ва қўлланма вазифасини бажарган".

Давлатимиз раҳбари юртимиз ислом тамаддунига қўшган ҳиссаси ҳақида:

"Юртимизнинг ислом дунёси ривожига қўшган бебаҳо ҳиссаси буюк Амир Темур ҳукмронлиги даврида янада ёрқин намоён бўлди.

Соҳибқирон бобомиз пойтахти Самарқанд бўлган ўз даврининг энг қудратли давлатини барпо этди.

Ўз таркибига бепоён ҳудудларни қамраб олган ушбу улкан салтанат ўша даврдаги ислом дунёсининг асосий минтақаларида иқтисодий ва маданий тараққиётни юксак чўққиларга олиб чиқди.

Айнан ана шундай мустаҳкам пойдеворга, Шарқ уйғониш даврида бутун мусулмон олами эришган улкан илмий, фалсафий ва маданий салоҳиятга таяниб, бизнинг улуғ боболаримиз ҳам ўзларининг буюк кашфиёт ва ихтироларини яратганлар.

Бу ҳақда гапирганда, дунё коронавирус пандемияси билан тўқнашганда, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти биринчи навбатда Абу Али ибн Сино тавсия қилган карантин усулларидан фойдаланишга чақирганини эслаш ўринлидир.

Бундан минг йил олдин бу улуғ ҳаким “Тиб қонунлари” китобида юқумли касалликлар тарқалишини камайтириш учун 40 кунлик карантин зарурлигини таъкидлаган эди.

Бағдоддаги машҳур “Байт ал-Ҳикма” илмий академиясини бошқарган яна бир ватандошимиз Муҳаммад Ал-Хоразмий илк маротаба рақамлар қаторига  “ноль” белгисини киритиб, математиканинг янги йўналиши, яъни “алгебра”га асос солган.

Шунингдек, замонавий “Ай-Ти” соҳасининг фундаментал “алгоритм” тушунчаси ҳам ана шу улуғ аждодимиз Ал-Хоразмий номи билан боғлиқдир.

Самарқанд ҳукмдори, буюк астроном Мирзо Улуғбек 1018 та юлдузнинг координатлари аниқ кўрсатилган, бир неча асрлар   дунёнинг олий таълим даргоҳларида дарслик бўлиб хизмат қилган “Зижи Кўрагоний” жадвалини тузган.

Геодезия фанининг “отаси” ҳисобланадиган Абу Райҳон Беруний бундан минг йил олдин биринчи глобус ва Ернинг энг аниқ харитасини яратган.

Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин".

Бугун буюк аждодларимиз анъаналарини давом эттирган ҳолда, биз ислом олами билан муштарак қадриятларимизни асраб-авайлаш ва янада ривожлантириш борасида катта ишларни амалга оширмоқдамиз, деди Президент Шавкат Мирзиёев.

Жумладан, сўнгги йилларда Имом Ал-Бухорий номидаги Халқаро ҳадисшунослик маркази, Ислом цивилизацияси маркази ва Халқаро ислом академиясини ташкил этдик.

Шунингдек, янги турдаги таълим масканлари, хусусан, Президент мактаблари, ижод мактаблари, ихтисослашган мактаблар фаолияти йўлга қўйилмоқда.

Биргина 2020 йилда юртимизда математика фани бўйича 56 та, кимё-биология фани бўйича 28 та, информатика ва ахборот-коммуникация технологиялари бўйича 14 та ана шундай мактаблар ташкил этилди.

Юртимизда сўнгги 5 йилда 64 та янги олий таълим даргоҳи очилиб, уларнинг сони 141 тага етказилди.

Бирлашган Араб Амирликлари Ҳукумати билан биргаликдаги “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида қарийб 600 минг ёшларимизга замонавий ахборот технологиялари бўйича чуқур билим берилмоқда.