Кеча ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу давлатимиз раҳбари томонидан «Бағдод тажрибаси» сифатида эътироф этилди

Фарғона вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров деярли ҳар куни ушбу ҳудуддаги қурилиш жараёни билан танишади. Бугун вилоят раҳбари яна бир бор "Мурувват" МФЙга ташриф буюриб, ҳар бир қурилиш ташкилоти раҳбари билан юзма-юз суҳбатлашди.

- Бу уйларнинг сифати, нархи арзон бўлиши муҳим, - деди вилоят ҳокими. - Қолаверса, қурилиш маданиятини ҳам шакллантириш керак. Яқин истиқболда мазкур ҳудудда юзлаб кўп қаватли уйлар қуриш имкони бор. Шу боис, ҳар бир қурилиш режасини ишлаб чиқишда кейинги ўн беш, йигирма йиллик тараққиёт мезонларини инобатга олиш фойдадан ҳоли бўлмайди.

Хайрулло Бозоров қурувчи ташкилотлар раҳбарлари билан мулоқот чоғида, қурилиш ишларини янада жадаллаштириш, керак бўлса, 2-3 сменада иш ташкил этиш лозимлигини таъкидлади.

Замонавий массивда янги МФЙ биноси, қўшимча 440 ўринли мактаб, 150 ўринли болалар боғчаси, поликлиника, савдо мажмуаси, коворкинг маркази, спорт комплекси, маданият маркази, истироҳат боғи сингари ижтимоий соҳа объектлари қурилишига ҳам киришилди. Электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва оқава сув тармоқлари тортиш, ички йўллар қурилиши бўйича ҳам шаҳарсозлик меъморчилиги анъаналари асосида лойиҳа ҳужжатлари тайёрланди.

Шунингдек, аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида "Мурувват" МФЙга ёндош ҳудудда 14,3 гектар майдонда "Мустақиллик" кичик саноат зонаси, 100 гектар ерда ҳар бири 10 сотихдан лимончиликка ихтисослашган иссиқхоналар барпо этиляпти. Бугунги кунгача 85 та иссиқхона битказилиб, ҳудудда қуриб битказилган уйларга кўчиб келган оилаларга ажратиб берилди.

Ҳозирги кунга қадар "Мурувват" МФЙда 5 та кўп қаватли уйлар битказилиб, асосан "Темир дафтар", "Аёллар дафтари" ва "Ёшлар дафтари"га киритилган оилаларга ажратилди. Уйнинг 1 кв. метр нархи 3,5 млн. сўм бўлиб, икки хонали хонадоннинг қиймати 140 млн. сўм, уч хонали уй 168 млн. сўмни ташкил этмоқда. Мисол қилиб айтганда, икки хонали уйнинг бошланғич тўлови 21 млн. сўм. Уй олувчига 10 фоиз миқдорида субсидия берилиши натижасида у атиги 7 млн. сўм маблағ эвазига янги уйга кўчиб ўтади.