Мазкур корхонада идентификация учун мўлжалланган микропроцессор модуллари, сим-карталар, шунингдек, транспорт, ижтимоий ва халқаро тўлов карталарини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 22 январда “Электротехника саноатини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Ҳужжатда электротехника саноати ва унга ёндош соҳаларни ривожлантириш, юқори технологияли ҳамда юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш борасида вазифалар белгилаб берилган.
Шунга мувофиқ, корхона рақамли давлат хизматларини жорий этиш, фуқароларнинг кундалик эҳтиёжлари учун қулай ва хавфсиз тўлов тизимларини шакллантиришда зарур бўлган воситаларни ишлаб чиқаради.
Германиянинг “Infineon technologies” компанияси билан ҳамкорликда “Eltech Industrial” технопарки ҳудудида ташкил этилаётган корхонанинг умумий қиймати 15 миллион долларга тенг.
Айни вақтда қурилиш ишларининг иккинчи босқичи ўн беш фоизга бажарилиб, 7 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилган.
Ҳудуди 4 гектар майдонни эгаллаган замонавий мажмуада 100 га яқин янги иш ўрни яратилади, 6 миллион долларлик экспорт амалга оширилади.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, 2025 йил давомида мамлакатимизга 35 миллион долларлик микропроцессор модуллари, сим-карталар ва турли тўлов карталари импорт қилинган.
Мазкур корхона тўлиқ ишга тушиши ҳисобига 5 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарилиб, бозордаги таннарх уч-беш фоизга пасайиши кутиляпти.
Замонавий корхонада ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Мозамбик, Камбоджа каби қатор давлатларга экспорт қилинади.
Давлатимиз раҳбари МДҲ давлатлари орасида ишлаб чиқариш ҳажми бўйича учинчи ўринда бўлиши кутилаётган ушбу корхонада яратилаётган шарт-шароитлар, технологик ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишди.
Президентимиз юқори қийматли маҳсулотлар бўйича инновацион ёндашувларни жорий этиш, маҳаллий кадрлар салоҳиятини ошириш ва экспортни янада кенгайтириш масалаларида муҳим топшириқ ва тавсиялар берди.