Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жорий йил 3 февраль куни Наманган вилоятига ташрифи чоғида Наманган шаҳрининг Давлатобод туманидаги “Янги Ўзбекистон – ёшлар зиё маскани” ахборот-кутубхонасида ҳам бўлиб, бир гуруҳ фаол ёшлар билан самимий мулоқот қилди. “Наманган буюк алломалар, уста тадбиркорлар юрти. Бугун ҳам ёшлар иқтисодиёт, санъат, спорт соҳаларида катта ютуқларга эришмоқда”, дея таъкидлади Президент.

Наманган ёшлари билан учрашувда камина ҳам қатнашди ва Юртбошимиз билан юзма-юз кўришганимдан бахтиёрман. Чуст туманининг Олмос қишлоғиданман. 2022 йили Президентимиз ташаббуси билан уюштирилган “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги “Ёшлар овози” Бўзатов фестивалида эстрада хонандалиги йўналишида республикада 2-ўринни эгалладим ва анча миқдорда пул мукофоти топширишди. Қувончлиси, ўтган йил 30 июнь – Ёшлар кунида “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирландим. Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати институти магистратура бўлимига давлат гранти асосида имтиёзли қабул қилиндим. 2019 йилдан буён Халқаро гуллар фестивали мадҳиясининг анъанавий ижросиман.

Давлатимиз раҳбари билан суҳбат вақти тиғиз кечди. Таклифимни билдиришга фурсат етмади. Шунга қарамай, “Қолган таклифларингизни ёзиб жўнатинглар, Ёшлар ишлари агентлиги раҳбари менга олиб киради. Ижросини вилоятингиз ҳокими албатта бажаради, хотиржам бўлинглар”, деди. Шунга мувофиқ, газета сайти орқали ҳам икки таклифимни йўлламоқчиман. Маълумки, “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг спорт йўналиши бўйича ғолиблари ҳам ўзлари рағбатлантирилади, ҳам маҳаллаларига 21 турдаги спорт майдончалари қуриб бериляпти. Очиғи, уларга ҳавасим келди. Бундай имконият қолган соҳа вакилларига ҳам қўлланилса, яъни санъат ва маданият йўналиши ғолибларига овоз ёзиш студияси, китобхонликка маҳаллаларда кутубхоналар, ITчиларга эса, агар у киберспорт бўлса, “Гейм клуб”лар ташкил этилса, тенгдошларимизга, ука-сингилларимиз учун айни муддао.

Иккинчи таклифим, Фарғона водийсида маданият ва санъат соҳасидаги истеъдодли ёшларнинг сафи йил сайин кўпайиб бораётгани ва 2026 йилгача Наманганда олий ўқув юртлари сонини 10 тага етказилиши муносабати билан ўзим ўқиган собиқ Наманган санъат коллежига Наманган санъат ва маданият институти мақоми берилса, Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 20 декабрдаги Мурожаатномасидаги “Наманган ҳам саноат, тадбиркорлик, таълим, маданият соҳаларида минтақавий марказ сифатида ўз ўрнини топмоқда”, деган ифтихорли эътирофига муносиб жавоб ва ярашиқли ҳаракат бўларди.

Комрон МАМАДАЛИЕВ,

“Мард ўғлон” давлат мукофоти соҳиби,

Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати

институти магистранти