Жумладан, қадимдан миллий қадрият сифатида ривожланиб келаётган кулолчилик анъаналарини асраб-авайлаш, халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш, кенг тарғиб этиш, халқ усталарининг меҳнатини муносиб рағбатлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратилмоқда.
Риштон кулоллари томонидан тайёрланган маҳсулотлар ўзининг дизайни, табиий ранги ва қалампир нусхали нақшларга бойлиги билан ажралиб туради. Археологлар томонидан олиб борилган қазишмалар, Катта Фарғона канали қурилиши пайтида Риштон шаҳри ва Зоҳидон қишлоғи ҳудудларидан топилган сопол буюмлар ва уй-рўзғор ашёлари, шунингдек, турли манбаларда келтирилган маълумотларга кўра, Риштон эрамиздан аввалги асрларда ҳам маданият ўчоқларидан бири бўлган. Сўнгги йилларда Риштон кулолчилик мактаби янада ривожланди, унинг вакиллари яратган маҳсулотлар барчани ҳайратга солиб келмоқда.
Қадимий ҳунарга ўзига хос услуб ва жозиба беришда уста кулол Тоҳиржон Ҳайдаров яратган кулолчилик мактаби алоҳида ўрин эгаллайди. Сопол буюмларга ноанъанавий йўл, яъни игна ва бигиз каби буюмлар билан нақш солиш санъати кўпчиликнинг эътиборини тортмоқда. Чунки бу усулда ишланган сопол буюмлар ўзига хос кўриниши, жилоси ва табиийлиги билан ажралиб туради.
Фарғонада кулол Тоҳиржон Ҳайдаровни танимаган, билмаган одам кам топилади. Риштонга бориб, машҳур кулол устанинг уйи қаерда деб сўрасангиз, бас, «Ўзимизнинг «Уста бобо»ни айтяпсизми? Шундоққина Жалойир қишлоғидаги музей-устахонамизга борасиз. Ҳозир у жойга хорижликлар ҳам тез-тез келадиган бўлган», дея фахр билан йўл кўрсатади.
«Риштонда бир хонадон бор ...»
Риштонликлар фахрланганича бор экан, зилол сувлари кўнгилга ором берадиган ариқ бўйидаги анвойи атиргулу садарайҳонлар билан ўралган ҳовлига яқинлашар эканмиз, худди эртакларда тасвирланган гўзал масканга тушиб қолгандек бўлдик. «Музей-устахона» деб ёзилган нақшинкор эшикдан кириб борар эканмиз, тарихимиздан сўзлагувчи ажойиб экспонатларга — Қўқон арава ҳамда буғдой янчадиган келига кўзимиз тушди. Тоҳиржон уста бизни қувонч билан қарши олар экан, салом-алик орасида бу ғаройиб экспонатларга таъриф ҳам бериб улгурди:
— Музей-устахонамиз 2017 йилда ташкил этилган. Хориждан келадиган меҳмонларга нафақат ҳунармандчилигимиз намуналари, балки тарихимизга оид шундай экспонатлар ҳақида ҳам сўзлаб беришни хоҳлайман. Мана бу Қўқон арава, реставрация қилинмаган, 250 йил аввал ясалган. Бу экспонат усталарнинг 4-авлод вакилларида сақланиб қолган.
Музейга кираверишда гуваладан қурилган сомонсувоқли кўҳна уй ҳам сақланган. Устанинг айтишича, бундай уйлардаги ҳарорат жазирама иссиқда ҳам мўътадил ҳолатда бўлар экан.
Янада ичкарироқ кириб борсангиз 2000 га яқин китоб жамлаган музей кутубхонасида чуғурлашиб ўтирган маҳалла болаларига кўзингиз тушади. Қанийди, юртимиздаги ҳар бир маҳалланинг Тоҳиржон акага ўхшаш маънавий етакчиси, меҳрибон устози бўлса... Ушбу кутубхонада китобхонлик кечалари, танловлар кулоллар сулоласининг табаррук онахони 78 ёшли Хурсаной ая бошчилигида ўтказилади.
Музей-устахона билан танишиш иштиёқимиз ортгани сайин таниқли ижодкор Амирқул Каримнинг ушбу маскан таърифида битган мана бу мисралари ёдимизга тушди:
Риштонда бир хонадон бор,
Унда тилга кирар сопол.
Ривоятлар тинглаб узун,
Гул ҳавасда сурар хаёл...
— Отамнинг айтишича, бир замонлар кулолларга одамлар қиз беришни хоҳламаган. Чунки уларнинг топиш-тутишида барака бўлмаган, — дейди уста. — Лаган, кўза ясаб бозорга олиб чиқса, уйини мелиция босиб қамаб қўйган. Энди замонамизни қаранг. Бугун Президентимизнинг ҳунармандларга қаратаётган эътибори туфайли солиқлардан озод бўлиб, ўз маҳсулотларимизни чет элларда ҳам сотиш имкониятига эга бўлдик. Президентимиз бизга эшикни катта очиб, хоҳлаганингча ўзингни намоён қил, ижоддан тўхтама, деяпти. Ўзбекистон сўнгги йилларда меҳнат қилган одам қадр топадиган жаннатмонанд юртга айланди. Мен касбимни ҳалоллиги, фалсафийлиги учун севаман. Ҳалол касбимизни қадрлайдиган, бизни эъзозлайдиган давлатимиз раҳбарининг маънавиятига бутун дунёдан келган сайёҳлар ҳам тан беряпти. Мен «дунёга чиқмадим, лекин дунёни қишлоғимга олиб келаман», деб аҳд қилганман. Яратганга шукр, янги Ўзбекистонда давлатимиз раҳбари берган имконият ва шароитлар туфайли шу мақсадимга етдим. Олий маълумотли бўлмасамда, юксак қадрландим — «Дўстлик» орденига муносиб топилдим, ўғлим ҳали шогирд кулол бўлсада, «Мард ўғлон» давлат мукофотини олди. Шу касб ортидан обрў-эътибор топдим, қадр топдим. Давлатимиз камтарона меҳнатларимизни эъзозламоқда. Оддий кулолга яна нима керак?!
«Бу тупроқ қоракўз бир нигор эди»
Деворга осилган лаганлар ва бир қатор қилиб терилган нақшин кўзалар оралаб кезар эканмиз, ўтмишга кириб қолгандек ҳис қилдик ўзимизни. Бир томонда Буюк Амир Темур ўз ўгитлари билан сизни ҳушёрликка чорласа, бошқа томонда Умар Хайём ҳазратлари бу санъат дурдоналари яралишига сабаб бўлган муқаддас тупроқ ўтмишидан эртаклар сўзлайди гўё...
Сен-мендан олдин ҳам тун-кун бор эди,
Айланган фалак ҳам бутун бор эди.
Тупроққа авайлаб қадамингни қўй,
Бу тупроқ қора кўз бир нигор эди.
— Риштоннинг тупроғи кулолчиликка мос. Одамларнинг томорқасидан кетмонда кавлаб олинган оддий қизил тупроқни сотиб олиб, майда чиқиндилардан тозалаб, кулолчилик маҳсулотлари яратамиз. Ясалган буюмларга нина билан ишлов берилади. Кўпроқ лаган ва кўзаларга машҳур инсонлар сурати, ҳикматли сўзлар ёки ғазал, шеърлардан намуналарни игна билан чизиб, кейин уларни оловда пиширгандан сўнг ранг берамиз. Бу усул жуда узоқ меҳнат талаб қилади. Масалан, битта лаганга қалам билан сурат чизишга бир-икки кун вақт етса, бу усулда энг камида ҳафта-ўн кун вақт кетади. Бу санъат асарлари, аввало, сифатли яратилади, узоқ муддат яхши сақланади ва шу сабаб уларга талаб юқори. Шу ўринда яна бир сирни ошкор этмоқчиман: фақат Риштон тупроғидан ясалган сопол идишларгина чертганингизда ўзгача жаранглайди.
«Сеҳрли тупроқ»дан яралган гўзал ва бетакрор санъат намуналарини кўздан кечирар эканмиз, Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Хива хонлиги, Қўқон хонлиги шажараларидан ҳикоя қилувчи ярим метрли лаганлар ҳайратимизни янада оширди. Бу каби ижод намуналарини кўрган ёшларнинг тарихимизга, аждодларимиздан қолган моддий ва маънавий меросга қизиқиши ошиши, табиий. Инсон китоб ўқиганида кўп нарса эсида қолмаслиги мумкин, лекин бежиримгина лаган ва кўзадаги суратлар ёдингиздан мустаҳкам ўрин олиши аниқ.
— Уста-шогирд мактабини 2018 йилнинг сентябрь ойида ташкил қилдик. Дастлаб, қишлоғимиздаги уюшмаган ёшлардан 20 нафарини мактабга жалб этдим. Ойлик тўловни тўлашга имкони бўлмаган ёшларни ўзини тиклаб олгунича бепул ўқитдик. Ўтган йили 7 нафар шогирдим олий таълим муассасасига ўқишга кирди. Уларнинг 3 нафари грант асосида таҳсил олмоқда.
Бугунги кунда Тоҳиржон Ҳайдаровнинг 100 дан ортиқ шогирди бор. Беш нафар фарзанди ҳам эл-юрт ҳавас қилгудек инсонлар бўлиб вояга етган. Суҳбатдошимиз улар ҳақида фахр билан сўзлар экан, Неъматжон Қулабдуллаев ижросидаги қўшиқ янграй бошлади: «Қиз болага атлас кўйлак ярашмайдими, чаманзорда раъногуллар қарашмайдими...» Ҳа, уста кулолнинг ҳовлисида ҳамиша мумтоз қўшиқлар ва куйлар янграб туради. Ва бу кўҳна оҳанглар анвойи атиргул ва садарайҳонлар ифорига қўшилиб, қалбимиздаги энг эзгу ҳисларимизни, миллий ўзлигимиз билан туташ илдизларни уйғотаётгандек гўё...
«Мард ўғлон» отасининг изидан бормоқда
Устахонадаги энг қизғин жараён кулол дастгоҳи ёнида кечади. Мазкур маҳорат сабоқларида Америка, Англия, Германия, Япония, Малайзия, Индонезия каби кўплаб мамлакатлардан келган сайёҳлар, шунингдек, ўзимизнинг санъат ихлосмандлари ва ёшлар катта қизиқиш билан иштирок этган. Бугун «Маҳорат сабоқлари»ни яқинда Президентимиз қарорига кўра, «Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирланган Темурбек Ҳайдаров олиб бормоқда. У айни пайтда Фарғона давлат университетининг санъатшунослик факультети 2-босқич талабаси.
— Бу йил менга жудаям омадли келди, — дейди Темурбек. — Жорий йилнинг июнь ойида университет талабалари ўртасида ўтказилган Республика фан олимпиадасида «Амалий санъат ашёларида ишлаш» йўналиши бўйича совриндор бўлдим. Қолаверса, Испанияда «Декоратив ҳунарманд» йўналиши бўйича танловда 2-ўринни қўлга киритдим. Ўтган йили Италияда ўтказилган халқаро танловда «Бадиий кулолчилик» номинацияси бўйича 1-даражали диплом билан тақдирландим. Италия, Испанияда ҳам ижодимга қизиқадиган мухлислар орттирдим. Ҳозирда кўпроқ Туркия давлати билан ҳамкорлик қиляпмиз.
Темурбек Ҳайдаров қўлигул ёш ҳунарманд сифатида 2019 йил Қўқон шаҳрида ўтказилган Халқаро ҳунармандчилик фестивалида фаол иштирок этган. Туркманистонлик тенгдошлари билан шартнома тузиб, у ерда Риштон кулолчилигини ривожлантиришни келишиб олишди. Бироқ пандемия сабабли бу режа ортга сурилиб турибди. Темурбекнинг асосий мақсади Риштоннинг бетакрор тупроғидан ясалган кулолчилик маҳсулотларини бутун дунёга таратиш, устозларидан ўрганганларини шогирдларига ҳам ўргатиш.
Юртимиздаги ҳар бир уйда сопол буюмлар бўлмоғи керак
Агар Марғилон атлас ва адраслари, Қўқон ёғоч ўймакорлиги ва наққошлик мактаблари билан донг таратган бўлса, Риштон азалдан кулолчилик санъати билан дунёга танилган. Бу ерда тайёрланган сопол идишлар ўзига хос дизайни, экологик тозалиги билан ажралиб туради. Шу боис, Риштон кулолчилик маҳсулотлари ташқи бозорда харидоргир.
— Шуниси қувонарлики, пандемия даврида аҳолининг уйда ўтириб, ҳунармандчилик билан шуғулланиши ва даромад топишига кўмаклашиш мақсадида қисқа муддатда туманда Халқаро кулолчилик маркази барпо этилди, — дейди Тоҳиржон Ҳайдаров. — Бу ерда 20 та икки қаватли кулоллар хонадони, Риштон тарихи музейи, банк хизматлари маркази қурилган. Уйларнинг биринчи қаватида устахона ва савдо дўкони жойлашган, иккинчи қаватда ҳунармандлар оиласи билан яшайди. Хонадонларнинг ҳар бирида 6 ўринли меҳмонхона ҳам мавжуд. Чет эллик сайёҳлар бу ерда яшаб, кулолларнинг иши билан танишиши мумкин.
Президентимиз жорий йил Фарғонага сафари давомида кулоллар билан суҳбатда шундай таъкидлаган эди: «Бу идишларда меҳнат, юрак билан бирга тарих ҳам бор. Ҳамма йўналишларда миллий анъаналаримизни тиклаяпмиз. Сопол буюмлар ҳам миллий қадриятимиз. Уларни янада оммалаштириб, ҳар бир хонадонга киритиш керак. Уларни чет элликлар жуда қадрлайди. Чунки чиройли, сифатли, экологик тоза. Юртимиздаги ҳар бир уйда мана шундай идишлар бўлса, ҳам миллий ифтихор, ҳам маънавият бўлади».
Тоҳиржон Ҳайдаров давлатимиз раҳбарининг ушбу сўзлари ҳар бир кулол қалбига ўзгача шижоат ва завқ бағишлаганини, шунингдек, кулолларга айланма маблағ ва имтиёзлар бериш, бошқа ҳудудларда дўконлар очишига кўмаклашиш, мамлакатимизнинг хориждаги элчихоналарида кўргазма-савдо расталари ташкил этиш бўйича берган кўрсатмалари ҳунармандларга катта имкониятлар эшиги очилишига туртки бўлганини айтди.
«Ҳеч қаерда айтилмаган ҳикматни топдим»
Музей-устахонанинг бир қисмида ташкил этилган оилавий меҳмонхонада дам олишни истаган сайёҳларга барча шароит муҳайё. Палов егингиз келса, мезбонлар дарров ўчоққа ўт қалаб таом тайёрлашга киришиб кетади. Шунингдек, фарғоналик ижодкорларни чорлаб, маданий-маърифий суҳбатлар ҳам уюштирилади.
Америкалик сайёҳ Грен Девир миллий ҳунармандчилик маҳсулотларига жуда қизиқади. У, айниқса, Риштон сопол буюмларининг шайдоси. Музейнинг «Эсдаликлар» китобига шундай сўзларни ёзиб қолдирган: «Устахона супасида ўтириб бир суҳбатлашсангиз борми... Аввал меҳмон келиши билан уни сўрига таклиф қилишади. Сўнгра дуо ўқилиб, бир пиёла чой берилади. Дастурхондаги неъматларнинг қайси бирини айтай... кишмиш узум, зарғалдоқ шафтоли, тилларанг қантаклар... тилими тилни ёрувчи қовунлару карсиллама тарвузлар... Бу тупроқнинг меваларидаги таъм бошқа ҳеч қаерда йўқ. Қўй ёғи, қўй гўштига ош тайёрлашгунича Тоҳир уста бир гапни айтиб қолди. Унинг таъкидлашича, биз у билан ака-ука эканмиз. Чунки барчамиз мана шу биз босиб турган тупроқдан яралганмиз ва яна ерга қайтамиз. Мен бундай ҳикматни илгари ҳеч қаерда эшитмаганман. Фарғонага 15 кунга келган эдик, лекин жуда узоқ қолиб кетдик. Негаки, фарғоналиклар жуда истараси иссиқ одамлар экан...».
Грен Девир сўзлари ҳарорати бизнингда қалбимизга кўчди. Уста кулол билан хайрлашар эканмиз, бутун умрини, қалб туғёнларини азиз юртдошларига мана шу меҳнаткаш ва қадоқ қўллари, қайноқ қалби билан тутаётган Ҳазрати инсонга узоқ умр, мустаҳкам соғлиқ тиладик.
Музейнинг «Эсдаликлар дафтари»га дил сўзларимизни ёзиб қолдираётиб миллий қадриятларимизни, ҳунармандчилик сир-асрорларини авайлаб, ёш авлодга ўргатиб келаётган усталар фидойилигидан мамнун бўлдик. Йўлингиз тушса, Риштондаги ушбу музей-устахонага ташриф буюринг. Бу ердаги бетакрор кулолчилик намуналари, моҳир усталар меҳнати, бугун ва тарихни қамраб олган муҳит ёзганимиздан ҳам таъсирли эканига ўзингиз гувоҳ бўласиз.
Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА,
«Янги Ўзбекистон» мухбири