Мана шундай қувончли паллада Президентимизнинг умумтаълим мактаблари битирувчиларига йўллаган табриги нафақат ёшларга, балки уларнинг ота-оналари, ўқитувчи ва мураббийларига ҳам кўтаринки руҳ, катта иштиёқ бағишлади.

Республикамиздаги ўн мингдан зиёд давлат умумтаълим, 171 та нодавлат, 18 та давлат-хусусий шериклик шаклидаги мактаблар қаторида Наманган вилоятидаги 711 та ўқув масканида ҳам эртамиз эгаларининг замонавий билимларни мукаммал ўқиб ўрганиши учун қулай шароит ва имкониятлар яратилган. Йигирмата давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати, вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида қатор давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактаблари фаолият юритмоқда. Умумтаълим фанларини пухта ўргатиш баробарида ёшларни ҳар жиҳатдан етук, маънан ва жисмонан баркамол, кенг тафаккурли инсонлар этиб тарбиялаш мақсадида маънавий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари, мусиқа ва санъат йўналишидаги фестиваллар ўтказилмоқда.

Якунига етаётган ўқув йилида вилоятимиздаги умумтаълим муассасаларини 36 минг 564 нафар ёш тамомламоқда. 409 нафар битирувчимиз муваффақият марраларини забт этиб, муддатидан аввал нуфузли хорижий олий таълим муассасалари талабалигига қабул қилинди. Бу борада Янгиқўрғон, Мингбулоқ туманлари ҳамда Наманган шаҳри битирувчилари етакчилик қилди. Ўқувчи-ёшларнинг халқаро фан олимпиадалари, спорт мусобақалари, мусиқа ва санъат бўйича фестиваль ҳамда танловлардаги кўплаб ютуқлари ҳақида ҳам шундай рақамларни келтириш мумкин. Бу юртимизда янги Ўзбекистон истиқболини ёшлар камолида деб билиб, уларга беқиёс ғамхўрлик кўрсатилаётгани, барча шарт-шароитлар яратилаётганидан далолат.

2021 йилнинг ўзида Инвестиция дастури бўйича вилоятимизда 6 та янги мактаб қурилмоқда. 13 та мактабда реконструкция ҳамда 6 та ўқув масканида мукаммал таъмирлаш ишлари бажариляпти. Президентимизнинг бу йил Наманганга ташрифи чоғида белгиланган устувор вазифалар асосида учта янги мактаб бунёд этилмоқда. Яна еттита мактаб реконструкция, иккита умумтаълим муассасаси мукаммал таъмирланяпти. “Обод маҳалла” дастури доирасида бешта, “Обод қишлоқ” дастури бўйича йигирмата мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари жадал давом этяпти. Мазкур бунёдкорликлар учун жами 306,4 миллиард сўм маблағ йўналтирилган.

Янги Ўзбекистоннинг фарзандлар келажагига ғамхўрлигини биргина юқоридаги рақамлардан ҳам билса бўлади. Ишончимиз комилки, Президентимиз табригидан руҳланган битирувчи ёшлар маррани янада баланд олади.

Рустамжон ИСРОИЛОВ,

Наманган вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи