Профессионал бокснинг WBA йўналиши бўйича ярим оғир вазн тоифасида чемпионлик камари соҳиби, россиялик машҳур боксчи Дмитрий Бивол навбатдаги жангига пухта ҳозирлик кўриш мақсадида Ўзбекистонга келди. Боксчи уч ҳафта давомида Тошкент вилоятида юртимиз боксчилари билан биргаликда машғулотлар олиб боради.
“Биз бу ерда 3 ҳафталик ўқув-йиғин машғулотини ўтказамиз. Янгиобод шаҳарчасида яхши база бор ва у ернинг иқлими бизга маъқул. Юртингизда яхши боксчилар кўп ва менимча, тайёргарлик ҳам яхши бўлади. Кейинги жангимни май ойида ўтказмоқчиман, ҳозирча аниқ рақибим йўқ, лекин музокаралар давом этмоқда. Бу ерда асосан жисмоний тайёргарликка эътибор қаратилади. Ўзбекистонда оғир вазнли боксчилар билан бирга ишлаймиз, шундай экан қийин ўқув-йиғин машғулотлари бўлиб ўтади, - деди Бивол ўз интервюсида. – Тоғ бағрида олиб бориладиган тайёргарлик соғлиқ учун анча фойдали”.
"Яқин орада Дмитрий Бивол машҳур боксчи Саул Алваресга қарши рингга кўтарилиши ва бирлаштирувчи жангни ўтказиши мумкин. Таниқли боксчи билан биргаликда олиб бориладиган машғулотлар ҳамюртларимиз учун ҳам фойдали бўлишига ишонамиз", дейилади Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабарида.