Таъкидлаш жоизки, сўнгги беш йилда Ҳаракатлар стратегияси асосида Президентимиз томонидан илгари сурилган “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган тамойилга таянган ҳолда давлат бошқаруви органларининг очиқлиги ва ҳисобдорлиги, мансабдор шахсларнинг иш сифатини баҳолаш тизимлари жорий этилиб, кадрларни танлашга қўйиладиган талаблар кучайтирилди.

Конституциямизнинг 2-моддасида қайд этилганидек, давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар.

Бу элпарвар тамойил давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланди. Кўп ўтмай, 2016 йил 28 декабрда Президентимизнинг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича фармони қабул қилинди. Ушбу фармонга мувофиқ ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхонаси фуқаролар билан мутасадди идораларни боғловчи тизимга айланди.

Жойларда барча даражадаги раҳбарлар билан жонли мулоқотлар ва сайёр қабуллар йўлга қўйилгани одамларда муаммоларини ҳал қилиш мумкинлигига катта умид ва ишонч уйғотди. Давлат идоралари қуйи тизимга тушиб, аҳоли эҳтиёжлари ва талаблари асосида ишлашни бошлади.

Халқ қабулхоналари орқали ва сайёр қабулларда кўтарилган долзарб муаммолар таҳлили кўплаб ислоҳотларга ҳам сабаб бўлди. Масалан, 4 йил олдин валюта айрибошлаш, прописка, пенсия ва нафақаларни нақд пулда олиш масалалари бўйича ҳар ойда ўртача 100 мингта мурожаат тушган. Бу соҳаларда қулайлик яратилиб, муаммолар тизимли ҳал этилгани туфайли уларга оид мурожаатлар бутунлай тўхтаган.

Бу борада ихчам ва профессионал давлат бошқарувига оид муҳим ислоҳотларни ажратиб кўрсатиш мумкин.

Биринчидан, Бош вазир ўринбосарларининг бир вақтнинг ўзида акциядорлик жамияти ва компаниялари ҳамда давлат улуши мавжуд бўлган бошқа ташкилотларга раҳбарлик қилиш амалиёти тугатилди.

Иккинчидан, давлат бошқаруви ходимлари сони 15 фоиз қисқартирилди.

Учинчидан, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг доимий асосда ишлайдиган котибияти ташкил этилди.

Тўртинчидан, марказий идора ва вазирликларнинг 26 та функцияси қуйи бўғинларига ўтказилди.

Бешинчидан, давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш ва давлат хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш учун электрон порталлар ва маълумотлар базалари яратилди.

Хусусан, рухсат берувчи ҳужжатлар ва лицензия олишни соддалаштириш учун www.license.gov.uz, «ягона дарча» тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатишни таъминлаш учун birdarcha.uz веб-сайтлари яратилди. Давлат хизматларини қайта кўриб чиқиш ва оптималлаштириш натижасида тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олишнинг тартиб-таомиллари 4 мартага, рўйхатга олиш учун зарур вақт эса 30 дақиқага қадар қисқартирилди.

Маъмурий ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш учун жорий йилнинг 22 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022-2023 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастурини ишлаб чиқиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши қабул қилинди.

Мазкур фармойишдан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқиладиган стратегик ҳужжат Янги Ўзбекистон шароитида давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти тизимининг самарадорлигини ошириш, улар фаолиятини натижадорликка йўналтириш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва “мобиль бошқарув аппарати”ни яратишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Маълумки, давлат органи қанча кўп бўлса, солиқ тўловчиларга шунча кўп юк тушади, бюрократия кўпаяди. Шу сабабли, амалга оширилиши режалаштирилаётган маъмурий ислоҳотлар орқали ихчам, профессионал, адолатли, юқори натижадорликка қаратилган бошқарув тизими бир қатор муҳим мақсадларга хизмат қилади.

Биринчидан, ортиқча, бир-бирини такрорлайдиган тузилмаларни  қисқартирилади.

Иккинчидан, ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни тезкорлик ҳал этишда давлат бошқарув органлари фаолиятини рақамлаштиришни янада такомиллаштирилади.

Учинчидан, қабул қилинган дастурлар ижроси юзасидан марказий ва маҳаллий раҳбарларнинг ҳисобот бериш тизимини янги сифат босқичига олиб чиқилади.

Тўртинчидан, давлат хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми аниқ белгиланади.

Бешинчидан, давлат бошқаруви тизими ва маъмурий тартиб-таомилларни оптималлаштириш орқали давлат бюджети ортиқча сарф-харажатлар ва юкламалардан халос бўлади.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари ҳаётга изчил татбиқ этилиши мамлакатимизда давлат бошқаруви тизими ихчам, профессионал, адолатли, юқори натижадор бўлишига хизмат қилади.

Бекзод НАРИМОНОВ,

Тошкент давлат юридик университети

конституциявий ҳуқуқ кафедраси мудири