Бугунги давр шиддатли кечмоқда. Жаҳон талаблари мувофиқ фаолият юритиш замоннинг ўзи тақозо этмоқда. 2023 йилга тасдиқланган Давлат дастурида профессионал таълим тизимига алоҳида эътибор қаратилди. Профессионал таълимда мутахассисларни тайёрлашда назарий ва амалий таълимни интеграциялаштиришда Германиянинг дуал ўқитиш тизимини мамлакатимизда жорий этиш орқали самарали таълим дастурига асос солинди.
Давлат дастурида профессионал таълим тизимини ривожлантириш, меҳнат бозори ва иш берувчилар шартларига муносиб малакали ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш мақсадида 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб давлат грантлари коллеж ва техникумларнинг дуал таълим шакли бўйича ҳам ажратилиши белгилаб қўйилди.
Натижада дуал таълим шаклида ўқувчи профессионал таълим муассасасида назарий билимлар ўрганади. Айни бир вақтда ишлаб чиқариш корхоналарида вазифа бажаради, мустақил кўникмаларини мустаҳкамлайди. Яъни таълим олиш қанчалик амалиётга яқин ва боғланган бўлса, корхона ва ўқувчи учун шунчалик катта манфаат бўлади.
Соҳадаги ислоҳотлар натижасида ҳозирда вилоятимизда 19 та техникум фаолият юритмоқда. Уларда халқаро таснифлагичнинг 5-даражасига мос тушувчи ва олий таълим тизими билан интеграциялашган таълим дастурлари асосида кадрлар етиштирилади.
Ўқиш касблар ва мутахассисликлар мураккаблигидан келиб чиққан ҳолда камида икки йил муддатда кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклларида тўлов контракт ёки давлат гранти асосида амалга оширилади. Жорий йилдан дуал таълим усули татбиқ қилинади. Мазкур тизим элементларига асосланган таълим муассасаси ва корхона мутахассислари томонидан биргаликда ишлаб чиқилган ўқув дастурлари профессионал аҳамиятга эга компетенцияларнинг муваффақиятли тараққиётига ёрдам беради.
Таъкидлаш лозимки, юртимизда ёшларнинг илм олишлари ва ўзлари хоҳлаган касб ва мутахассисликлар соҳиби бўлишлари учун жамики имкониятлар яратилган. Қулайлик ва имтиёзлардан оқилона фойдаланиш эса келажакда ҳаётда ўз ўринларини топишларига хизмат қилади.
Гулчеҳра ҚАЮМОВА,
Наманган саноат техникуми директори,
“Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси