Бугунги кунда профилактика инспекторларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлиги натижасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, ёшларнинг бўш вақтларини унумли ташкил этиш, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган нотинч оилалардаги маънавий-руҳий муҳитни соғломлаштириш борасида давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорликда профилактик чоралар кўрилмоқда.

Профилактика хизматларининг хуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш фаолиятини фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда уларнинг қошида ташкил этилган жамоат тузилмалари билан ҳамкорлигисиз тасаввур этиш қийин.

Ўзбекистонда шаклланган ҳуқукбузарликлар профилактикаси миллий тизими, яъни ҳуқуқбузарликлар профилактикаси сиёсатига, унинг мазмун-моҳиятини ўзида акс эттирувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, шунингдек уларнинг ҳаётда амалга оширилиши ва қўлланилишини таъминловчи орган ва муассасалар фаолиятига бевосита ўзбек халқининг юксак маънавиятини ўзида акс эттирувчи инсоний туйғулар, фазилатлар. буюк аждодлар мерослари, оила қадрияглари хақидаги ғоялар сингдирилган.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш борасида уларнинг ўрни муҳим аҳамият касб этади. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари профилактика инспекторлари билан ҳамкорликда ҳуқуқбузарликлар профиктикасини амалга оширишда, илгари судланган, спиртли ичимликка ружу қўйган, гиёҳвандлик касалига мубтало бўлган, фарзанд тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи, енгил табиатли аёллар ва фоҳишалар, вояга етмаганлар ҳуқуқбузарликлари, диний экстремистик оқимга мансуб ёки хайрихоҳ бўлган шахслар, кам таъминланган оилалар сони ва уларнинг турмуш тарзини аниқлаш бўйича қатор вазифаларни амалга оширади. Шунингдек, фуқаролар йиғини хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, уларнинг жамият ҳаётидаги, оилада маънавий-ахлоқий муҳитни шакллантиришдаги, ёш авлодни тарбиялашдаги ролини оширишга қаратилган чора-тадбирларни ҳам амалга ошириши назарда тутилади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ижтимоий шериклигини янада кенгайтириш борасида амалга оширилган тизимли комплекс чора-тадбирлар натижасида профилактика инспекторининг аҳоли тинчлигини туну кун таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ва фуқароларнинг ҳуқуқий фаоллигини ошириш борасидаги фаолиятини ташкил этишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлиги ўзининг ижобий самараларини бермоқда.

Жамиятда қайси соҳа бўлмасин унинг фаолияти таҳлил этилмаса, ундаги муаммо ва камчиликлар аниқланиб бартараф этиш чоралари кўрилмаса соҳани ривожлантириб бўлмайди ва натитжада фаолиятида унум бўлмайди. Шу муносабат билан бугунги кунда ички ишлар органлари тизимларида профилактика инспекторларининг маҳалла фуқаролар йиғини ва жамоат тузилмачилик олдида ҳисобот бериб бориш тизими яратилди.

Шу боисдан, бугунги кунда профилактика инспекторининг фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлигини янада такомиллаштириш, унинг самарадорлигини ошириш чораларини кучайтириш муҳим аҳамият касб этади.

Бугунги кунда маҳалла институтини такомиллаштириш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар натижасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолиятига давлат органларининг аралашувига чек қўйилди.

Ислоҳотларнинг бугунги босқичида маҳалланинг мавқеини тубдан ошириш, тизим иш фаолиятини самарали ташкил этиш, уни том маънода халқчил тузилмаган айлантиришга қаратилган эзгу саъй-харакатлар амалга оширилдики, бунинг натижасида бугунги кунда маҳалла гузари – одамлар шунчаки келиб кетадиган идора эмас, балки аҳолини ислоҳотларга сафарбар этадиган, жамиятнинг барча қатламларини изчил ҳаракатга келтирадиган фаол ижтимоий тузилмага айланди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5938-сон Фармони ва 2020 йил 18 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-4602-сон қарори шулар жумласидандир.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, фармонда шу ҳудудга бириктирилган профилактика (катта) инспекторлари маҳалла фуқаролар йиғини раисининг ҳуқуқ-тартибот масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тенглаштирилди. Бу тартиб ўз навбатида профилактика (катта) инспекторларининг фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлигини янада мустахкамлашга хизмат қилади.

Шунингдек, мазкур фармонда маҳалланинг мустақил фаолият юритишини янада яхшилаш ва такомиллаштиришни асосий мақсад этиб белгиланди ва уни қабул қилинишида қуйидаги муаммо ҳамда камчиликларни бартараф этиш лозимлиги кўрсатиб ўтилди:

биринчидан, фуқаролар йиғинларига хос бўлмаган функцияларнинг уларга юклатилиши;

иккинчидан, маҳалланинг қуйи идоралар билан тизимли ҳамкорлигининг йўлга қўйилмаганлиги;

учинчидан, оила, хотин-қизлар ва кексаларга ёрдам кўрсатишнинг яхлит тизими мавжуд эмаслиги;

тўртинчидан, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар самарали натижа бермаётганлиги;

бешинчидан, юқоридиги камчиликлар жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш ва қонун устуворлигини таъминлашга салбий тасир кўрсатаётганлиги.

Дарҳақиқат, юқорида кўрсатиб ўтилган камчиликларни бартараф этиш профилактика (катта) инспекторининг фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлигини янада такомиллаштиришга хизмат қилади, шунингдек ҳуқуқбузарликлар профилактикасида амалга оширилган ишларни мунтазам таҳлил этиб бориш, уларга баҳо бериш ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш чораларини кўриш ҳуқуқбузарликлар профилактикасини самарадорлигига ижобий таъсир кўрсатади.

Ушбу ҳамкорликнинг ўзига хос хусусияти шундаки, бу жараёнда маҳалладаги барча мавжуд муаммолар жойида ҳал этилади ёки ҳар қандай салбий ижтимоий иллатлар ва ҳуқуқбузарликлар барвақт олди олинади, уларнинг содир этилиши сабаблари ва уларга имкон берадиган шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш мумкин бўлади.

Профилактика (катта) инспекторининг фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлигини янада такомиллшаштириш ва унинг янги усул ҳамда шакллари, йўналишларини аниқлаш ва амалиётга жорий этиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан ҳисобланади. Чунки, бугунги олиб борилаётган ислоҳотлардан мақсад ҳам фуқаролик жамиятини кучайтириш, давлатнинг айрим функцияларини фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ўтказиш ҳисобланади. Шу боисдан, профилактика (катта) инспекторининг фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлигини такомиллаштириш зарурати қуйидагиларда намоён бўлади: биринчидан, маҳалла фуқаролар йиғинларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикасидаги ролининг аҳамияти; иккинчидан, профилактика инспекторининг янги тартиб бўйича маҳалла фуқаролар йиғини раисининг ҳуқуқ-тартибот масалалари бўйича ўринбосари сифатида белгиланиши; учинчидан, профилактика (катта) инспектори ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг маҳалладаги мақсад ва вазифаларининг бирлиги; тўртинчидан, қонунчиликда профилактика инспекторлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳам ҳуқуқбузарликлар профилактикасидаги ваколатларининг мавжудлиги ва уларнинг ҳамкорликда фаолият юритиш шартлиги белгиланганлиги.

Шу боисдан, профилактика (катта) инспекторининг ҳуқуқбузарликларни олдини олишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлигини мунтазам таҳлил этиш, уларнинг аниқ йўналишларини белгилаб олиш, такомиллаштириш чораларини кўриш муҳим аҳамият касб этади.

Профилактика (катта) инспектори фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳудуддаги криминоген вазиятни ўрганишлари, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабаблари ва уларга имкон берадиган шарт-шароитларни бартараф этиш, шунингдек, биргаликда фуқароларнинг ҳушёрлигини оширишга қаратилган тадбирларни олиб боришлари фаолияти самарадорлигини оширади.

Хулоса қиладиган бўлсак, ҳуқуқбузарлик жамият ривожланишига салбий таъсир кўрсатувчи ижтимоий-ҳуқуқий ва руҳий ҳодиса бўлиб, бугунги кунда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси жиноятчиликка қарши курашишда бош йўналишга айланди.

 

 Дилфуза Абдуллаева,

Тошкент давлат юридик университетининг

Ихтисослаштирилган филиали

Хусусий-ҳуқуқий фанлар кафедраси катта ўқитувчиси