Мазкур қонун лойиҳасида руҳий ҳолати бузилган шахсларнинг ҳуқуқлари ҳимояси, тиббиёт ходимлари ва бошқа мутахассисларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, психиатрия ёрдами турлари, психиатрия ёрдамини кўрсатиш бўйича ҳаракатлар устидан шикоят қилиш тартиби қайд этилган. Қонунга киритилаётган янгиликлардан бири руҳий ҳолати бузилиши қайд этилган шахсларни тиббий ижтимоий муассасаларга жойлаштириш тартибига аниқликлар киритилаётганлиги бўлиб, унинг асосида амалда учраётган бюрократик оворагарчиликларнинг олди олинади.

Лойиҳада психиатрия хизматида давлат ва нодавлат ташкилотлар ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, руҳий ҳолати бузилган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва психиатрия ёрдами билан таъминлаш, психиатрия ёрдами кўрсатувчи шахслар ҳамда муассасалар белгиланмоқда.

Шунингдек, «психиатрия ёрдами», «психиатрия муассасаси», «руҳий ҳолат бузилиши» каби тушунчаларга аниқ таърифлар берилади.

Қонун лойиҳасида алоҳида модда билан республикамизда руҳий ҳолати бузилганлиги сабабли диспансер кузатувига олинган шахслар тўғрисидаги маълумотлар, уларнинг психиатрия муассасаларида қанча муддат бўлганликлари, берилган дори воситалари, кўрсатилган ижтимоий хизматлар ва тақдим қилинган имтиёзлардан иборат маълумотларнинг ягона электрон реестри юритилишини жорий қилиш назарда тутилмоқда. Бу эса соҳадаги ишларнинг ҳолати тўғрисида асосли ва тезкор ахборот олиш, даволаш профилактика ишларини тўғри ташкил этиш имкониятини яратади.

Ҳужжатда руҳий ҳолати бузилган шахсларни жамиятда асоссиз камситишга йўл қўймаслик шу билан бирга жамиятни руҳий ҳолати бузилган шахсларнинг ижтимоий хавфли қилмишларидан ҳимоя қилишга қаратилган нормалар ҳам ўз аксини топган.

Руҳий касалликка чалинган беморларнинг бошқа шахслардан фарқи баъзи ҳолларда уларнинг муомалага лаёқатсиз деб топилишидир. Амалдаги қонунда бу жараён тўлиқ ёритилмагани учун лойиҳада бу ҳолатга ҳам аниқлик киритилмоқда. Шунингдек, руҳий бузилиш қайд этилган беморларнинг даволаниши, ижтимоий ҳаётга қайта адаптация қилиниши, манфаатларини ҳимоя қилинишига доир тартиблар алоҳида белгиланади.

Мазкур қонун лойиҳаси психиатрия касалликларига чалинган инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқлари қонуний ҳимоя қилинишини таъминлайди, деб хабар беради Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.