«PT. Pan Brothers Tbk» компанияси Индонезиянинг йилига 130 миллион дона тайёр кийим ишлаб чиқариш қувватига эга йирик компанияларидан бири. Компания жаҳон брендлари ҳисобланган «Adidas», «H&M», «Lacoste», «Columbia», «The North Face» ва бошқалар билан яқин ҳамкорлик қилади.

Видеоконференция давомида Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти, хусусан, тўқимачилик саноатининг савдо ва сармоявий имкониятлари ҳақида маълумотлар тақдим этилди.

Мулоқот давомида Ўзбекистон компаниялари билан «PT. Pan Brothers Tbk» ўртасида савдо, инвестиция ва технологиялар трансфери соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

«PT. Pan Brothers Tbk» компанияси директори ва Индонезия Тўқимачилик уюшмаси раиси ўринбосари Анне Патрисия Сутантонинг қайд этишича, компания мамлакатда 25 та фабрикага эга. Уларда 38 минг кишининг бандлиги таъминланган. Корхона фабрикаларида ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулотлар АҚШ, Европа Иттифоқи ва Яқин Шарқ мамлакатларига экспорт қилинади.

А.Сутанто икки мамлакат тўқимачилик компаниялари ва уюшмалари ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёр эканини билдирди.

Тадбирда қўшма ишлаб чиқаришни ташкил этиш, тўқимачилик кластерини яратиш, шунингдек, Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари билан машҳур брендлар маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича шартнома тузиш ва кейинчалик тайёр маҳсулотларни минтақа мамлакатларига экспорт қилиш таклиф қилинди.

Музокаралар натижасида томонлар тўқимачилик саноатида савдо ва сармоявий ҳамкорлик бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун ишчи гуруҳ тузишга келишиб олди, деб хабар беради «Дунё» АА.