Сурхондарё вилояти Термиз туманида яшовчи 22 ёшли А.Р. мурожаат қилиб, ўз аризасида “Телеграм” мессенжерида номаълум шахс томонидан 1 миллион 300 минг сўм миқдоридаги пуллари фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилганини маълум қилган.

Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ушбу жиноятни Жиззах вилояти Жиззах шаҳрида яшовчи 19 ёшли И.И. содир этганлиги аниқланди.

Унга кўра, И.И., А.Р. билан “Телеграм” мессенжерида танишиб, унга “PUBG” онлайн ўйинининг кучайтирилган аккаунтини сотишини айтган ва олдиндан пластик картасига 1 миллион 300 минг сўм ўтказиб олиб, келишилган аккаунтни бермасдан, ёзишмаларни ўчириб юборган ва уни қора рўйхатга киритиб қўйган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, И.И.нинг содир этилиб, фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш юзасидан тезкор-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисмидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.